Ташриф давомида ўзаро ҳамкорикка оид бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилиши кўзда тутилган. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги авиапарвозлар яна тикланиши кутиляпти.
Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича муҳокама ўтказилиши кутилмоқда. Мазкур мунозара чоғида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги темир йўл ва автобус қатновини қайта тиклаш масаласи ҳам кўриб чиқилиши мумкин. Айрим маълумотларга кўра, яқинда икки мамлакат ўртасида янги назорат пунктлари ташкил этилади, шунингдек, ўзаро божхона ҳужжатлари бўйича ҳамкорлик ҳам йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, Тошкент ва Душанбе шаҳарлари ўртасида 1992 йилда тўхтатиб қўйилган авиапарвозлар ҳам тикланиб, виза олиш тартиби ҳам енгиллаштирилиши кутилмоқда.
Яқинлашиб келаётган янги йилда Душанбеда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган товарлар – автомобилдан тортиб истеъмол товарларигача бўлган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилиши мўлжалланмоқда. Кўргазма якунида илк марта тожик ва ўзбек ишбилармонлари ўртасида бизнес-форум ташкил этилиши кутилмоқда.
Тожикистон ва Ўзбекистон яқин вақт ичида талабалар алмашинуви дастури бўйича ҳам келишувга эришишлари мумкин. Шу тариқа, Тожикистон талабалари Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таълим олишлари мумкин бўлади ва аксинча, Ўзбекистон фуқаролари Тожикистон олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятига эга бўладилар.