Икки давлат раҳбарлари ўзаро алоқалар муҳокама қилинган.
Давлат раҳбари Тожикистон Президентини туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар тилаган.
Томонлар олий даражадаги мунтазамлик касб этган учрашув ва мулоқотлар икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари ҳамда ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини чуқур мамнуният билан қайд этган.
Жорий йил 17-18 август кунлари Тожикистон Республикаси Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида ўтказилган самарали музокаралар, уларнинг якуни бўйича эришилган келишув ва имзоланган икки томонлама ҳужжатлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27-28 сентябрь кунлари МДҲ Давлат раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун Душанбега амалий ташрифи доирасида ўтказилган учрашув ва музокаралар натижакорлиги қайд этилган.
Бугунги кунда савдо-иқтисодий алоқалар фаол ривожланиб бормоқда. Ўзаро савдо ҳажми ортиб, турли тармоқларда кооперация, транспорт-коммуникация соҳасидаги алоқалар ривожланмоқда, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланиб, маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.
Томонлар икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида ҳамкорликни ривожлантириш ва эришилган келишувлар ижросини тўлиқ таъминлашда мунтазам амалий алоқалар муҳимлигини қайд этди.
Мулоқот сўнггида давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган кўп қиррали ўзаро манфаатли муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидлаганлар.