Почта жўнатмаси декларациясида Россияга кўрпа юборилаётгани қайд этилган. Бироқ кўрпа астари орасида пахта ўрнида...
Шундай қинғир йўлни танлаганлардан бири Бухоро вилояти Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи У.Асилов бўлиб, у қоракўл териларини почта орқали ноқонуний равишда олиб чиқишнинг ғайроддий усулини “кашф” қилди.
Божхона қўмитаси Ахборот хизмати берган хабарга кўра, ушбу шахс почта жўнатмаси декларациясида Россияга кўрпа юборилаётгани қайд этилган. Бироқ кўрпа астари орасига қавилган пахта ўрнига қиймати 6 миллион сўмлик 30 дона қоракўл терилари жойлаштирилгани божхоначилар томонидан аниқланган.
Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида ташқи савдо фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ мазкур товарларга тегишли чекловлар ўрнатилган.
Президентнинг 25 майдаги фармонига мувофиқ қоракўл терисини Ўзбекистондан олиб чиқиш ва уни экспорт қилиш фақатгина Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг рухсати асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.