Барча аризалар http://www.dvlottery.state.gov саҳифаси орқали топширилиши шарт.
АҚШ Давлат Департаменти 2019 йил “Турли миллат вакиллари учун иммиграцион визалар — DV” (Green card) дастурига рўйхатга олиш даври 2017 йил 3 октябрдан 2017 йил 7 ноябргача жамоат учун очиқ бўлишини эълон қилди.
Ҳар йили АҚШ ҳукумати Қўшма штатларга иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган мамлакатлар, шу жумладан Ўзбекистон фуқаролари учун “Турли миллат вакиллари учун иммиграцион визалар — DV” дастури орқали 50 000 та доимий яшаш ҳуқуқини берувчи виза ажратади.
Визалар сўнгги беш йил мобайнидаги иммиграция кўрсаткичлари асосида олти минтақавий ҳудуд орасида тақсимланади; бунда иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларга кўпроқ визалар миқдори белгиланади.
Дастурнинг қатъий талабларига жавоб берувчи визага мурожаат этувчилар компьютер орқали амалга ошириладиган тасодифий танлов лотереяси ёрдамида сараланади.
Шахснинг исми лотереяда танланиши унга иммиграцион визага мурожаат этиш жараёнининг кейинги босқичларини ўтиш имкониятини беради.
Мурожаат қилувчилар DV дастурида 2017 йил 3 октябрь, cешанба куни, яъни бугун, Тошкент вақти билан соат 21:00дан бошлаб рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Рўйхатга олиш даври 2017 йил 7 ноябрь, сешанба куни, Тошкент вақти билан 22:00да тугайди. Барча аризалар электрон равишда рўйхатга олиш даврида www.dvlottery.state.gov саҳифаси орқали топширилиши шарт.
DV лотереясига ариза бериш учун ҳеч қандай ҳақ олинмайди. Барча мурожаатчилар аризаларининг мақомини кейинчалик текшириш учун, аризаларини топшириб бўлганларидан сўнг, ўз тасдиқлов варақларини босмадан чиқариб, сақлаб қўйишлари шарт.
Мурожаат этувчиларга аризаларини топшириш учун рўйхатга олиш даврининг сўнгги ҳафтасигача кутмаслик тавсия этилади.
Дунё бўйича талабнинг ўта юқорилиги интернет саҳифаси ишининг секинлашувига олиб келиши мумкин. 2017 йил 7 ноябрь соат 22:00 дан кейин бирорта ҳам ариза қабул қилинмайди.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдинроқ ғолиблар 2018 йилнинг қайси санасида маълум қилиниши ҳақида хабар берган эдик.