Божхоначилар йирик миқдорда пиротехника воситаларини аниқлади.
Фарғона вилояти божхона бошқармасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Олтиариқ туманида ҳаракатланаётган Cobalt автомашинасини кўздан кечириш давомида 73 кг.дан ортиқ оғирликдаги пиротехника воситалари тўхтатиб қолинган.
Муқаддам айланма йўллар билан олиб кирилган 2 турдаги 28 минг донадан ортиқ мазкур пиротехника воситаларининг умумий қиймати 8,2 млн. сўмни ташкил қилади.
Риштон туманида ҳам шу турдаги божхона қоидабузарлиги бартараф этилган. Қўқонга йўл олган Nexia автомашинаси холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автомашина салони ва юкхонасида муқаддам қўшни давлатдан айланма йўллар орқали олиб кирилган, хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи хужжатлари бўлмаган умумий қиймати салкам 12 млн. сўмлик 119,5 кг. оғирликдаги 143 минг донадан ортиқ пиротехника воситалари борлиги аниқланган.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари амалга оширилмоқда.