Олий Мажлис Сенати ҳамда Қонунчилик палатаси Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тузиш тўғрисидаги Қўшма қарори қабул қилинди.
Унда прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назорати самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Мажлисда таъкидланганидек, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда қонун устуворлигини, қонунийликни таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, эркинлаштириш ва демократлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Судлар холислиги ва мустақиллигини мустаҳкамлаш, қонунчиликнинг барча тармоқларини демократлаштириш, шунингдек, мамлакатимизда ҳуқуқ-тартиботни, тинч ва осуда ҳаётни таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи таҳлил марказлари ва хорижий мамлакатларнинг экспертлари томонидан ижобий баҳоланмоқда.
Қонунчилик асослари ҳар жиҳатдан мустаҳкамланаётгани ҳамда қонунларга сўзсиз итоат этиш ва қонун устуворлиги таъминланаётгани, фуқаролар ҳуқуқий онги ўсиб бораётгани демократик ҳуқуқий давлатни шакллантириш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорликнинг ривожини жадаллаштириш ҳамда ишончли ҳимоясини таъминлаш борасида бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттиришнинг муҳим шартлари ҳисобланади.
Ушбу чора-тадбирлар самарали амалга оширилишида прокуратура органларининг тутган ўрни муҳимдир. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқ уларнинг зиммасига “қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни” амалга ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш вазифалари юкланган.
Шу билан бирга, мажлисда таъкидландики, мамлакатимиз Конституциясида “прокуратура органларининг Олий Мажлис Сенати олдида ҳисобдорлиги” белгиланганидек Бош прокуратура ва жойлардаги прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратининг самарали механизмини йўлга қўйиш зарур.
Парламент назоратини ҳамда прокуратура органлари фаолиятининг қонунийлигини кучайтириш зарурлиги ҳақида давлатимиз раҳбари Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасида ҳам таъкидлаб ўтган эди.
Шу муносабат билан, дея таъкидланди мажлисда, ҳозирги вазият ҳамда изчиллик билан амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар парламентнинг юқори палатаси олдига прокуратура органлари фаолияти устидан назорат ўрнатишнинг янги шакл ва усулларини жорий этиш самарадорлигини ошириш бўйича долзарб вазифалар қўймоқда.
Прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш, прокуратура органларининг мамлакатимизда қонун устуворлиги ва қонунийликни, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга доир ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида Олий Мажлис Сенати ҳамда Қонунчилик палатаси Кенгашларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тузиш тўғрисидаги Қўшма қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ Комиссия зиммасига прокуратура органлари фаолияти устидан, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича улар зиммасига юклатилган вазифалар бажарилишининг самарадорлиги устидан мунтазам парламент назоратини амалга ошириш, прокуратура органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳар томонлама ўрганиш ва умумлаштириш, прокуратура органлари фаолиятини тартибга солиб турувчи қонун ҳужжатларини, шунингдек, уларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва иш усулларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш вазифалари юклатилди.
Қарорда белгиланганидек, Комиссия аъзолари Сенат томонидан сенаторлар орасидан, республиканинг барча минтақаларининг вакили бўлган ўн беш кишидан иборат таркибда Сенат ваколати муддатига сайланади.
Комиссия ўз олдига қўйилган вазифалар бажарилишининг бориши тўғрисида бир йилда икки марта Сенат Кенгаши олдида ҳисоб бериши белгилаб қўйилди. Мажлисда мазкур Комиссиянинг тузилиши билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳам муҳокама қилинди.