28 январь куни Ўзбекистон Республикаси адвокатлар Палатаси расмий сайтида адвокатлар ўртасида ўтказилган аноним сўровнома натижалари эълон қилинган.
Қайд этилишича, 2019 йилнинг 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси адвокатлар Палатаси расмий сайтида адвокатлар фаолиятига тазйиқ ўтказиш ва қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан ўтказилган аноним сўровнома натижалари эълон қилиниб, хусусан, касбий фаолияти давомида адвокатларнинг ҳуқуқлари суриштирув, тергов органлари ҳамда судлар томонидан мунтазам бузилаётганлиги ҳақида таҳлилий маълумотлар баён қилинган.
Сўров натижаларининг алоҳида эътиборли тарафи шундаки, унда 3553 нафар адвокат, яъни республикада фаолият юритаётган адвокатларнинг 91% иштирок этган, деб қайд этилган.
Бугунги кунда давлатимизда адвокатларнинг мақоми ва процессуал ваколатларини кенгайтириш, уларнинг дахлсизлигини ишончли таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аноним сўровнома натижасида эълон қилинган рақамлар жиддий шубҳа уйғотади.
Масалан, ўтказилган аноним сўровнома натижаларида адвокатларга ҳимоя остидаги шахс билан учрашишга тўсқинлик қилиниши ҳолатлари суриштирув жараёнида 461 тани, тергов давомида эса 328 тани ташкил этади, деб кўрсатилган. Ваҳоланки, амалдаги қонунчиликка биноан, адвокат суриштирув ёки тергов жараёнида ҳимоя остидаги шахс билан жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг рухсатисиз, учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда ҳоли учрашишга ҳақли.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББнинг расмий маълумотларига биноан, ўтган 2018 йилнинг ўзида тергов ҳибсхоналари ва ёпиқ турдаги жазони ижро этиш муассасаларида адвокатларнинг ўз ҳимояси остидаги шахслар билан учрашувлари сони 29 766 тани ташкил этган.
Шунингдек, аноним сўровнома натижаларида ҳимоя остидаги шахслар билан учрашиш учун махсус хоналар мавжуд эмаслиги юзасидан 597 та адвокат эътирози қайд этилган бўлсада, амалда республиканинг тергов ҳибсхоналари ва ёпиқ турдаги жазони ижро этиш муассасаларининг ҳар бирида махсус адвокат хоналари (32 та муассасада – 69 та адвокат хонаси) ажратилган.
Шунингдек, ҳар қандай тазйиқ ҳолатларининг олдини олиш мақсадида тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларининг барчаси видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда адвокатларга ўз фаолиятларини эркин ва тўла амалга оширишга тўсқинлик қилиш, бузилган ҳуқуқлари ёки содир этилган ноқонуний хатти-ҳаракатлар юзасидан тегишли тартибда мурожаат қилиш учун барча зарур имкониятлар яратилган.
Бу борада эълон қилинган аноним сўровнома натижаларида тергов органлари ходимлари томонидан адвокатга нисбатан ҳақоратли, камситадиган муносабатда бўлиш ҳолатлари 209 тани ташкил этади, деб кўрсатилган бўлсада, ўтган 2018 йилда республика миқиёсида прокуратура органларига адвокатлардан ўзига нисбатан ҳақоратли ва камситувчи муносабатда бўлинганлиги ҳолати юзасидан 2 та мурожаат келиб тушган ва қонуний тартибда кўриб чиқилган.
Шунингдек, аноним сўровномада иштирок этган адвокатлар томонидан адвокатга нисбатан жисмоний зиён келтириш тўғрисида таҳдид қилишнинг 208 ҳолати мавжуд, деб қайд этилган бўлсада, 2018 йил давомида прокуратура ва ички ишлар органларига бундай мазмундаги биронта ҳам расмий мурожаат келиб тушмаган.
Таъкидлаш зарурки, очиқ ва қонуний мурожаат механизми мавжуд шароитда адвокатлар томонидан уларга нисбатан мунтазам тазйиқ ва таъқиб бўлаётгани ҳақидаги эътирозларнинг аноним сўров шаклида эълон қилинишининг ўзи касбий ва ахлоқий нуқтаи назардан мақсадга мувофиқ эмас.
Шу билан бирга мазкур сўровнома асосида баён этилган маълумотлар қонунни қўллаш амалиётида мавжуд вазиятни танқидий баҳолаш учун жиддий сигнал ҳисобланади.
Касбий фаолиятига тўсқинлик қилиниши ва тазйиқ ўтказилиши ҳолатларига бевосита дуч келган адвокатлар Бош прокуратурага мурожаат қилишлари сўралади.
Адвокатларнинг бундай мазмундаги ҳар бир мурожаати шахсан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори назоратида индивидуал ва шаффоф тартибда кўриб чиқилиб, қонуний баҳо берилиши қатъий таъминланади.