Президент ташрифига боғда ўзгача ҳозирлик кўрилганди. Атроф обод, тувакларда гуллар қўйилган, аҳолининг маданий ҳордиқ олиши учун барча шароитлар муҳайё қилиб кўрсатилди.
Президент вилоятдаги Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарувчи завод қурилишини, ёнғоқзор ва бодомзорни ҳамда замонавий иссиқхонани бориб кўрди. Шунингдек, Қарши шаҳридаги сўнги технологиялар билан жиҳозланган шифохона, тўқимачилик корхонасини кўздан кечирди. Булардан ташқари, давлат раҳбари вилоят маъмурий марказида барпо этилган “Ватанпарвар” боғида ҳам бўлди.
Президент ташрифига боғда ўзгача ҳозирлик кўрилганди. Атроф обод, тувакларда гуллар қўйилган, аҳолининг маданий ҳордиқ олиши учун барча шароитлар муҳайё қилиб кўрсатилди.
“Бундай масканлар ёшларга халқимиз тарихи, маънавияти ва маданияти ҳақида яққол таассурот беради. Энди бундан самарали фойдаланиш, бу ерга ёшларни кўпроқ олиб келиб, очиқ дарслар ўтказиш керак”, деган эди Президент.
Хўш, Президент ташрифи якунига етгач, Қашқадарёда, хусусан “Ватанпарвар” боғида нималар ўзгарди. QALAMPIR.UZ манбасининг маълум қилишича, Президентнинг ташрифи учун очиб қўйилган боғга аллақачон қулф солинган, аҳоли киришига рухсат берилмаяпти. Хуллас, навбатдаги кўзбўямачилик!
Боғни кўриб, ҳордиқ чиқаргани келганлар эса “Ҳали очилмади. Қурилиш ишлари якунланмади”, деб ортга қайтарилмоқда.
Агарда боғ қурилиши батамом тугалланмаган бўлса, уни тайёрдек қилиб кўрсатиш кимга керак? Президентни алдаш кимга керак? Халқни алдаш-чи?
Мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг фойдасини ана шундай кўзбўямачиликлар йўққа чиқаради. Негаки улар йўқни бор қилиб кўрсатади. Яъни, йўқ завод йилига минглаб маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Амалда эса ҳеч нима бўлмайди демак, қўшиб ёзиш бошланади.
Бизга боғдаги кўзбўямачилик етиб келди, холос. Президент кўздан кечирган замонавий шифохона, тежамкор иссиқхона ва бошқа жойларда ҳам шундай ҳолатлар бўлмаганмикан деган савол туғилади кишида. Шифохонанинг замонавий тиббиёт ускунлари жойида турганмикан? Хўш, ким билади, алдов ва кўзбўямачилик қон-қонига сингиб айрим раҳбарлар ва баъзи масъуллар бошқа жойда ҳам “ҳунар” кўрсатмаганига ким кафолат бера олади?
P.S.: Ўзбекистонда Президент учун “барчаси мукаммал” деб саҳна кўриниши уюштираётган ҳоким ва масъулларга айтар гапимиз бор: сизлар ишни ташлаб, кино ё театрга ўтсангиз, кўпроқ обрў топасиз. Балки ўшанда кино ва спектакллар маромида саҳналаштирилар.