Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг оммавий ахборот воситалари орқали сайловолди ташвиқоти жорий мониторингининг дастлабки натижалари муҳокама қилинди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг оммавий ахборот воситалари орқали сайловолди ташвиқоти жорий мониторингининг дастлабки натижалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича республика матбуот маркази берган хабарга кўра, йиғилишда сайлов қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланган ҳолда сайловолди ташвиқотини олиб боришда тенг шароитлар таъминланаётгани алоҳида таъкидланди.
Номзодлар жорий йилнинг 28 октябридан бошлаб мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўз ғоя ва қарашлари, таклиф ва ташаббуслари акс этган сайловолди дастурларини сайловчилар, умуман, кенг жамоатчиликка етказишга йўналтирилган кенг кўламли ташвиқот тадбирларини олиб бормоқда. Президентликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари барча сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилмоқда.
Номзодлар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” теле ва радиоканалларида, ҳудудий теле ва радиоканалларда бепул эфир вақтидан самарали фойдаланмоқда. Шунингдек, улар “Халқ сўзи”, “Народнойе слово”, “Правда Востока”, “Нурли жол” ва “Овози тожик” газеталари, ҳудудий газеталарда ажратилган бепул нашр майдонидан ҳам ташвиқот мақсадида унумли фойдаланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар сайловолди кампаниясини олиб бориш жараёнида интернет нашрлари имкониятидан кенг фойдаланяпти.
Мажлисда таъкидланганидек, номзодлар ва оммавий ахборот воситалари “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 3 октябрда қабул қилинган қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом талабларига қатъий амал қилиб келмоқда. Номзодлар сайловолди ташвиқотининг ўтган даврида сайлов қонунчилиги бузилиши ҳоллари қайд этилмади.
Ҳозир сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имконияти бўлмаган сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш жараёни давом этмоқда.
Бугунги кунга қадар сайлов кампаниясини ёритиш учун Марказий сайлов комиссияси ва округ сайлов комиссиялари томонидан юртимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1 минг 300 дан зиёд ходими аккредитациядан ўтказилди. Уларни зарур ахборот материаллари билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази, округ сайлов комиссиялари матбуот марказлари фаолият юритмоқда, матбуот анжуманлари, брифинг ва семинарлар ўтказилмоқда.
Овоз бериш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ягона компютер тармоғи яратилган бўлиб, бу сайлов куни овоз бериш жараёнини онлайн режимида кузатиш, мамлакатимиз ҳудудлари билан видеоалоқа орқали мулоқот олиб бориш имконини беради. Марказий сайлов комиссияси сайлов куни жамоатчиликни овоз беришнинг бориши ҳақида 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида бўлиб ўтадиган онлайн брифинглар орқали хабардор қилиб боради.
Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.