Президент сайлови натижалари қачон эълон қилиниши билан боғлиқ саволга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Раҳимжон Ҳакимов жавоб берди.
Хўш, 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайловининг натижалар қачон эълон қилинади? Президент лавозимини ким эгаллаши қачон маълум бўлади? Бу савол ҳали сайлов ўтмай туриб кўпчиликни ўйлантираётгани аниқ.
Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва Нодавлат телерадиокомпаниялар ҳамкорлигида ташкил этилган “PRESS CLUB: ELECTIONS.UZ-2016” матбуот клубида мазкур саволларга ҳам жавоб топилди.
30 ноябрь куни ўз ишини бошлаган “PRESS CLUB: ELECTIONS.UZ-2016”нинг 5-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Раҳимжон Ҳакимов, Шуҳрат Ёқубов ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари Санжар Ҳамидуллаев иштирок этди.
Президент сайлови натижалари қачон эълон қилиниши билан боғлиқ савол фуқаролар орасида жуда кўп учраётгани ва бу ҳамма вақт қизиқ савол саналганини эътироф этган Раҳимжон Ҳакимов қуйидагича жавоб берди.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 36-моддасига кўра, Ўзбекистон Президенти сайлови бўлиб ўтган кундан кейин 10 кун ичида Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини эълон қилади”.