“Қишлоқ хўжалиги ҳуқуқи” фани 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб 2-босқич талабаларига алоҳида дарс сифатида ўқитилиш бошланади.
1 ноябрь куни виртуал қабулхонага мурожаат йўллаган талабанинг таклифи инобатга олиниб, бу масала ҳал этилди.
Тошкент Давлат Аграр университети 3-босқич талабаси аввало, университетда таълим даражаси сифатли эканлигини эътироф этиб, ўқув дастурига янги фан киритилишини таклиф қилди. Таълим жараёнида “Ҳуқуқшунослик” фани бўлса-да, бироқ унда қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишланган битта мавзу борлигини сабаб қилиб кўрсатган талаба университетда “Қишлоқ хўжалиги ҳуқуқи” фанини алоҳида дарс сифатида ўтилишини сўради. Талабанинг илтимоси инобатга олиниб, масала ижобий ҳал этилди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги девонхонаси томонидан йўлланган мактубда “Сизнинг алоҳида фан сифатида “Қишлоқ хўжалиги ҳуқуқи” фанини талабаларга ўқитиш бўйича таклифингиз инобатга олиниб, вазирлик тасарруфидаги олий таълим муассасаларида 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб барча агрономия таълим йўналишлари ўқув режаларига киритилиб, умумкасбий фан сифатида 2-босқич талабаларига ўқитилиши режалаштирилганлигини маълум қиламиз”, дейилади.
Шу тариқа, талабанинг таклифи билан эндиликда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қошидаги олий таълим муассасаларининг агрономия йўналиши ўқув дастурига “Қишлоқ хўжалиги ҳуқуқи” фани киритилиб, 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб 2-босқич талабаларига қўшимча дарс сифатида ўқитилади.