...
МЕНЮ
ONLINE TV

Пойтахтимизда Япон таълим кўргазмаси бўлиб ўтди


18:32, 12.11.2015 Жамият
 2 510

Кунчиқар ва серқуёш юрт ўртасидаги дўстлик кўприги янада мустаҳкамланди.

   Тошкентда Япон таълим ярмаркаси бўлиб ўтди. Таълим ярмаркасининг очилиш маросими бугун Тошкент шаҳридаги "International Hotel Tashkent" меҳмонхонасида бошланди. Мазкур кўргазма Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ташқи савдони ривожлантириш бўйича япон ҳамкорлик ташкилоти (JETRO) ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши самараси ўлароқ Япониянинг Нагоя университети ва Ўзбек-Япон маркази (UJC) томонидан ташкил этилди. Тадбирни Нагоя университети Президенти жаноб Сейичи Мацуо очиб берди. Ўзаро дўстлик руҳи сезилиб турган тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Ботир Усмонов, Ўзбек-Япон маркази директори жаноб Юкио Ишида ва JETRO директори жаноб Манабу Шимояширолар ҳам сўзга чиқдилар.

   Кунчиқар юрт вакиллари томонидан Ўзбекистонга бўлган самимий муносабат нафақат таълим ва маданият соҳасида, балки иқтисод, саноат ва бизнес соҳаларида ҳам намоён бўлаётгани қувонарли ҳол. Таълим кўргазмасида сўзланган нутқлар орасида "Mitsubishi Corporation" компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари жаноб Тецуя Сугитанинг "Дунёнинг етакчи компаниялари томонидан танлаб қилинаётган меҳнат ресурслари" номли маърузаси ўзининг икки томонлама муҳим аҳамияти билан ажралиб турди ва меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди.
  Меҳмонхонанинг Биллур залида эса Япониянинг қатор нуфузли олий ўқув юртлари: Нагоя университети, Токио қишлоқ ҳўжалиги ва технология университети, Васеда, Кейо, София, Шиншу, Киото, Рицумейкан ва Цукуба университетлари ўзларининг бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичларида сифатли таълим бера олиш имкониятлари ва таълим муассасалари тўғрисида маълумотларни тақдим этдилар.

  Япон таълим ярмаркаси Республикамизда илк бор ўтказилаётгани йўқ. 2000 йилдан ўз фаолиятини бошлаган Ўзбек-Япон маркази ва 2012 йилдан бошланган маданият-таълим соҳасидаги муносабатлар бугунги кунга келиб янада самарали ва дўстона тус олди. Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг 24-26 октябрь кунлари Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи давомида олиб борилган музокаралар ва йиллар мобайнида шаклланиб келган икки халқ ўртасидаги мустаҳкам дўстлик мазкур тадбир ифодасида ўзининг муносиб исботини топди.
Мирзаёр Эркинов
 

Теглар:Япон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар