Зиёратчиларга хизмат кўсратадиган меҳмонхона Масжидул ҳарамдан 500 метр масофада жойлашган.
Жорий умра мавсумида юртимиз зиёратчиларига хизмат кўрсатадиган “Кисва Макка” меҳмонхонаси Масжидул ҳарамдан 500 метр масофада жойлашган бўлиб, 2013 йил фойдаланишга топширилган.
Делегация ушбу меҳмонхонада зиёратчилар учун яратилган шароитлар, ошхона-ресторан ва тиббий бўлим билан яқиндан танишди ҳамда ўзбекистонлик зиёратчилар учун хизматлар сифатини янада ошириш юзасидан тегишли кўрсатма берди.
Шунингдек, делегация шу куни 2017 йил ҳаж мавсумида 7200 нафар ҳожиларимизга хизмат кўрсатиши кўзда тутилган “ал-Ҳидоя” меҳмонхонасининг иш фаолияти билан танишди. Мазкур меҳмонхона 2016 йилда ҳам ҳаж мавсумида ўзбекистонлик ҳожиларига хизмат кўрсатган эди.
Ўзбекистон ҳаж делегацияси шу куни Транспорт умумий уюшмасида учрашув ўтказди. Уюшма раҳбари генерал Аҳмад Самбава билан бўлиб ўтган музокара чоғида икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. Генерал Аҳмад Самбава Ўзбекистон ишчи гуруҳига ҳаж тадбирларини намунали тарзда амалга оширилиб келаётгани ва ўзбекистонлик ҳожиларнинг ҳаж амалларини бажаришдаги юқори интизоми учун самимий миннатдорчилик билдирди.
Учрашув доирасида, 2017 йил ҳаж мавсумида ҳожиларимиз учун хизмат кўрсатувчи транспорт воситалари, хусусан, Мадина-Макка, Макка-Жидда йўналишида замонавий, шинам автобуслар ажратилиши юзасидан келишилди. Учрашув якуни бўйича Ҳаж делегацияси Транспорт умумий уюшмаси билан баённома имзолади.