Делегация музокаралар чоғида, ҳожилар учун навбатдаги Ҳаж мавсумида ҳам транспорт хизмати кўрсатилиши бўйича тегишли битимларни ҳожилар Саудия Арабистонига етиб келмасларидан олдин тузиб қўйилишини келишиб олди.
Куннинг ўзида Ўзбекистон Ҳаж делегацияси Саудия Арабистони Подшоҳлиги Фуқаро Авиацияси Бош Бошқармаси раҳбарияти билан Жидда шаҳрида учрашув ўтказди. Учрашув чоғида шунингдек, Ўзбекистон Ҳаж ва умра ишлари бўйича атташеси Зафар Абдуллаев ва Ўзбекистон Ҳаво йўллари авиакампаниясининг Жидда шаҳридаги вакили Мухтор Хаитов иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Музокаралар давомида ҳаж ва умра муборак зиёратларини ташкил этиш доирасидаги ташкилий масалалар, жумладан, Мадинаи мунаввара ва Жидда халқаро аэропортлари орқали ҳожилар ва зиёратчиларни ташиш, ўзбекистонлик зиёратчиларга кўрсатиладиган хизматлар атрофлича муҳокама этилди. Саудия Арабистони Подшоҳлиги Фуқаро Авиацияси Бош Бошқармаси Ўзбекистон ҳаж ишчи гуруҳи ва Ўзбекистон Ҳаво йўллари иш фаолиятига юқори баҳо берди.
Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Ҳаж делегацияси Жидда шаҳрида ташриф дастури доирасида Транспорт Корхоналари Бош Вакиллигида (Мактаб Вукало) навбатдаги учрашувни амалга оширди. Учрашувда Бош Вакиллик раҳбари Форуқ Бухорий, Ўзбекистон ишчи гуруҳи томонидан ҳаж ва умра тадбирларини юқори даражада ташкил этиб келаётгани, ўзбекистонлик ҳожилар ва зиёратчилар замонавий транспорт воситалари билан таъминлангани, Агентлик талаблари ва тегишли шартномавий келишувлар Ўзбекистон томонидан тўлақонли бажарилиб келаётганини таъкидлади ва бунинг учун самимий миннатдорчилик билдирди.
Делегация музокаралар чоғида, ҳожилар учун навбатдаги Ҳаж мавсумида ҳам транспорт хизмати кўрсатилиши бўйича тегишли битимларни ҳожилар Саудия Арабистонига етиб келмасларидан олдин тузиб қўйилишини келишиб олди. Бунда Мадина-Макка-Жидда йўналишларида ҳожиларни ташиш назарда тутилмоқда.
Саудиянинг мутасаддилари томонидан Ўзбекистон томонидан ҳаж ва умра тадбирлари юқори даражада ташкил этиб келинаётгани, ўзбекистонлик ҳожилар замонавий транспорт воситалари билан таъминлангани, шартномавий келишувлар Ўзбекистон томонидан тўлақонли бажарилаётганини алоҳида таъкидланди. Шунингдек, учрашувлар якунида Ўзбекистон ҳаж делегацияси аъзоларига юқори даражадаги ташкилий ишлар учун самимий миннатдорлик билдирди.