Ушбу спектаклда актёрлардан Изроҳат Муродова, Илмира Раҳимжонова, Фарҳод Худойберганов кабилар ўз ролларини маҳорат билан ижро этишган.
Асар воқеалари бир хонадонда кечиб, унда турмуш ўртоғидан ажраб, унинг суратини уйи тўрига илиб асровчи она, бир оёғида нуқсони бўлган қариқиз, ҳаёт ташвишларидан чарчаган ука, орзулар кўмильган хонадонга ташриф буюрган бир кунлик меҳмон ҳамда параллель равишда гитарачи қатнашади. Она ногирон қариқизини турмушга беришни истаб, бир умр шу тилакни дилида тугиб яшайди.
Тўсатдан унинг ўғли дўконига келувчи башанг харидор ҳақида сўз очади, онанинг қистови билан харидорни уйига таклиф қилади. Тасодифни қарангки, ўша меҳмон қариқиз билан бир мактабда ўқиб, бир саҳнада хор куйлаган, қиз ўзининг оппоқ орзуларга ўраб, оловли қалбида чўғдек асраб юрган оташин муҳаббати бўлиб чиқади. Романтик кечада кечган ширин суҳбатда улар бир-бирлари учун яралганликларини англашади, аммо йигит қиздан юз ўгиради ва кетади. У билан бирга бир умрлик орзулар ҳам ғойиб бўлади.
Спектаклдаги воқеа, мавзу ўта долзарб, умуминсоний ҳамда замонавий бўлиб, бугунги кунда ўз томошабинини топиб олиши, айниқса фарзандини бир бошини икки қилиш арафасида турган ота-оналарни таъсирлантириб юбориши шубҳасиз. Антиқа декорация, психологик аура, бетакрор жонли оҳанглар, гитаранинг ҳамоҳанг овози инсонни ҳайратга солади. Саҳнада асосан оқ қора ранглардан фойдаланилган. Буларнинг бари фалсафий ечимга хизмат қилади.
Ушбу спектаклда актёрлардан Изроҳат Муродова, Илмира Раҳимжонова, Фарҳод Худойберганов кабилар ўз ролларини маҳорат билан ижро этишган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек Миллий академик драма театри директори Фатхулла Маъсудов сўзга чиқиб, аввало "Киноактёр" театр студиясини янги, мутлақо ўзгача услубдаги спектакль билан чин юракдан табриклади. Шу билан бирга, Ўзбек миллий академик драма театри билан ўзаро ижодий ҳамкорликни йўлга қўйишни ҳам таклиф этди.