...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистондаги икки партия сайловда қатнашиш учун изн сўради


08:56, 20.09.2016 Жамият
 4 472

Партиялар Шавкат Мирзиёев, Сарвар Отамуратов, Ҳотамжон Кетмонов ва Наримон Умаров номзодини олға суряпти.

Хабарингиз бор жорий йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон Президенти сайлови бўлиб ўтади. Айни дамда сайловолди жараёнлар қизғин тус олмоқда.
 
Кеча, 19 сентябрь куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун зарур ҳужжатларни тақдим этди.
 
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадирлар.

Бунда сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.
 
Мазкур қонуннинг 24¹-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза, Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги кўрсатилган маълумотномаси, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши лозим.
 
Марказий сайлов комиссияси сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана қайд этилган маълумотномани берди. 

Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида беш кунлик муддат ичида сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилади.
 
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризалар келиб тушиш навбатига қараб марказий матбуотда эълон қилинади. 
 
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Шавкат Мирзиёев, “Миллий тикланиш” демократик партияси Сарвар Отамуратов, Халқ демократик партияси Ҳотамжон Кетмонов, “Адолат” социал-демократик партияси Наримон Умаров номзодини кўрсатган эди. 

Теглар:Президент сайлови Марказий сайлов комиссияси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар