Телеканал Ўзбекистон брендини ривожлантириш, хорижий сайёҳлар ва инвесторларни жалб этишга хизмат қилиши айтилди.
Петицияда таъкидланишича, бугунги ахборот технологиялари ривожланган даврда юқори сифатли телеканалларга бўлган талаб ҳар доимгидан ҳам баланд. Республикада ҳозирда телеканаллар сони 20 дан ортиқ.
Лекин, назар соладиган бўлсак, деярли барча телеканаллар кўрсатувлари асосан ўзбек тилида олиб борилади. Шу тариқа телеканалларнинг ишлаш доираси фақатгина Ўзбекистон билан чекланиб қолмоқда. Ўзбекистон телеканаллари қўшни давлатларда намойиш этилса ҳам, тил сабабли қизиқиш пастроқ эканлигини сезиш мумкин.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистонда юқори сифатли, инглиз ва рус тилида фаолият юритувчи халқаро телеканални ишга тушириш лозимлиги таклиф қилинди.
Халқаро канал ҳозирги кунда Ўзбекистон учун жуда ҳам зарурлиги, мамлакатда бўлаётган ривожланиш ва жадал ислоҳотларни, тарихий обидалар, миллий қадриятларни кўрсатадиган теледастурларни хорижий тилларда намойиш қилиши ва бу телеканал Ўзбекистон брендини ривожлантириш, хорижий сайёҳлар ва инвесторларни жалб этиш ва улар оқимини ошириш, миллий маҳсулотларимизни халқаро бозорда реклама қилишга хизмат қилиши айтилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига юборилган мурожаат фуқароларнинг камида 10 000 та овозини, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига юборилган мурожаат камида 5 000 та овозни, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига юборилган мурожаат 1 000 та овозни тўплаши зарур.