Энди фуқаролар ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига муносабат билдириши ва уларнинг ҳаракатлари юзасидан аниқ саволлар қўйиши мумкин бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан кеча, 22 январ куни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури қабул қилинди. Умумхалқ муҳокамасидан сўнг қабул қилинган давлат Дастури 2018 йилда мамлакатни ривожлантиришнинг асосий қўлланмаси бўлиши таъкидланди. Ўз навбатида ушбу Дастур Ўзбекистон фуқароларининг давлатни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини ҳам таъминлайди.
Дастурда янги механизм сифатида электрон жамоавий мурожаат қилиш – петиция йўллаш тизимини жорий қилиш кўзда тутилган. Аввало, ушбу тизимнинг жорий қилиниши мамлакат фуқароларининг сўз эркинлиги ва уларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларидаги фаоллигини таъминлайди. Энди фуқаролар ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига муносабат билдириши ва уларнинг ҳаракатлари юзасидан аниқ саволлар қўйиши мумкин бўлади.
Тегишли органлар ва фуқароларнинг маълум сони томонидан маъқулланган мурожаатларга ҳукумат вакиллик органлари жавоб бериши қонунан белгиланади.
Петицияларнинг қонуний тус олиши фуқаролик жамиятининг янада ривожланишини кафолатлайди ва мамлакат ҳаётига алоқадор қарорларнинг бевосита мулоқот асосида ташкил қилинишини таъминлайди.