“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати фаолиятини ташкил этиш бўйича ҳукумат қарорини қабул қилиши кўзда тутилган.
Режалаштирилган ислоҳотларни, шу жумладан, Давлат дастурида назарда тутилган ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида фуқаролар, хорижда яшаётган ватандошлар ва нодавлат нотижорат ташкилотларни ихтиёрийлик асосида бирлаштириш –“Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг асосий вазифаси этиб белгиланди.
Қолаверса, қуйидагилар “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг вазифаларига киради:
халқ ва бизнес ҳамжамияти билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш;
жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг саъй-ҳаракатлари ва кучларини сафарбар этиш;
режалаштирилган, шу жумладан, Давлат дастурида назарда тутилган ислоҳотларнинг амалга оширилиши жараёнини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида муҳокама қилишда фаол иштирок этиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таҳлилий ахборот ва таклифларни мунтазам киритиш.
Умуммиллий ҳаракат раҳбарини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан, ҳудудий бўлинмалар раҳбарларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари орасидан сайланади. Улар бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг маслаҳатчиси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати фаолиятини ташкил этиш бўйича ҳукумат қарорини қабул қилиши кўзда тутилган.