74 та қонунбузарлик ҳолатларида 31 та овчилик қуроли, 12 дона ўқотар қурол, 621 дона патрон, 4,5 минг донадан ортиқ капсула, 1700 донадан ортиқ гильзалар олиб қўйилган.
Навоий вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Хатирчи туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида қурол ва ўқ-дориларнинг яширин равишда сақланаётганлиги фош этилди.
Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати томонидан “Qalampir.uz” таҳририятига юборилган мактубда хабар берилган.
Фуқаро Т. Ёрқуловнинг хонадони амалдаги тартибларга мувофиқ ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ҳовлидаги томорқага 1 дона ўқотар ов қуроли, 2 дона гильза, 7 дона қўлбола усулда тайёрланган патрон, 50 гр. сочма дроб ва бошқа мосламалар полиэтилен қопга солинган ҳолда кўмиб қўйилганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Респбуликаси Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суд хукмига биноан ашёвий далиллар давлат эгалигига ўтказилди. Фуқарога нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Товарлар экспортини рағбатлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 1997 йил 10-октябрдаги ПФ–1871-сонли Фармони талабларига кўра Ўзбекистон Республикаси худудига махсус рухсатномасиз қурол яроғ, ўқ-дори ва уларнинг қисмларини олиб кириш тақиқланган.
Яна бир ҳолат...
Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ғишткўприк” чегара-божхона комплексида қўшни давлатдан кириб келган фуқаро С.Алимардонов божхона назоратидан четлаб ўтиб, 39 дона бўш гильзалар, 198 дона елим гильза пистонлари, 57 дона елим гильзалар ва бошқа мосламаларни божхона назоратидан яширинча олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга мувофиқ, республикамиз божхона чегаралари орқали қурол-яроғ, ўқотар қурол ва ўқ дориларни контрабанда қилиш 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, қурол ва ўқ дориларни ноқонуний равишда сақлаш жарима ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Модомики, шахс ушбу буюмларни ўз ихтиёри билан топширса, жавобгарликдан озод этилади.
Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 74 та қонунбузарлик ҳолатларида 31 та овчилик қуроли, 12 дона ўқотар қурол, 621 дона патрон, 4,5 минг донадан ортиқ капсула, 1700 донадан ортиқ гильзалар ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган.
Яна бир бор эслатиб ўтамиз, ўқотар қуроллар ва уларга тегишли ашёлар фуқаролар томонидан ўз ихтиёри билан топширилса, жавобгарликдан озод этилади.