Халқаро тижорат алоқаларидаги зиддиятли ҳолатлар юзасидан олиб бориладиган арбитраж судининг фаолиятига доир маълумотлар сир сақланиши кафолатланади.
Йиғилишда “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси таркибида хорижий инвесторлар, шунингдек, чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларда миллий компанияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли муҳофаза қилишини таъминлаш бўйича халқаро тижорат арбитраж судини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар” ва “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Хорижий ҳамкорлар ва халқаро тижорат фаолиятининг бошқа иштирокчилари билан низоли ёки баҳсли масалаларни ҳал қилишнинг ҳаракатчан механизмини яратиш каби масалалар қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурати туғилганлигига асос бўлди.
“Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 59 моддадан иборатдир. Қонунда асосий тушунчалар, халқаро тижорат арбитраж судида кўриладиган низолар ҳамда арбитраж судлари фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартиби ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш қайд этиб ўтилган.
Қонун лойиҳасида 25 ёшдан кичик бўлмаган, низони холис ҳал қилишни таъминлашга қодир, бевосита ёки билвосита низони ҳал этишдан манфаатдор бўлмаган ва арбитраж келишуви томонларидан мустақил ҳисобланган шахс арбитр этиб сайланиши (тайинланиши) назарда тутилган.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида арбитраж иш юритуви ва низоларни ҳал қилишнинг сир сақланишини, шунингдек, халқаро тижорат арбитражи тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни таъминлаш бўйича нормалар ҳам алоҳида келтирилган.