...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда “сукунат куни” эълон қилинади


15:23, 01.12.2016 Жамият
 9 761

3 декабрь куни ҳеч қандай ташвиқот тадбирлари ўтказилишига йўл қўйилмайди.

2016 йил 4 декабрь санаси Ўзбекистон учун нафақат муҳим сиёсий воқеа, балки халқимиз ҳаётида ижтимоий аҳамиятга ҳам эга бўлган кундир.
 
Овоз бериш сайловдаги энг муҳим жараёндир. Айни вақтда мамлакатимиз Президентлигига номзодлар – “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Сарвар Отамуратов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, “Адолат” социал-демократик партиясидан Наримон Умаров шу бугунга қадар республикамизнинг турли ҳудудларида сайловолди учрашувларини ўтказиб, сайловчиларни дастурлари билан таништирдилар. Номзодларнинг ОАВЛардаги ташвиқотлари эса ҳамон давом этмоқда.
 
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга асосан номзодларнинг сайловолди ташвиқот тадбирлари сайловдан бир кун аввал тўхтатилиши лозим. Демак, 3 декабрь куни Ўзбекистонда “сукунат куни” эълон қилинади.
 
Бундай куннинг ташкил этилиши сайловчиларга ҳеч қандай ташвиқот ғояларисиз аниқ қарор қабул қилишга кўмаклашади.
 
Сайловолди ташвиқот тадбирлари 3 декабрь соат 00:00да тугатилиб, шу дақиқадан “сукунат куни” бошланади. Шу вақтдан бошлаб, ОАВ, хусусан, телевидение, радио, интернет-нашрлар орқали сайловолди ташвиқотларини ўтказиш тақиқланади.
 
Шунингдек, “сукунат куни” кириб келгунга қадар рўйхатга олинган номзодларнинг реклама материаллари жамоат жойларидан олиб ташланиши зарур. Бино, кўчаларга ўрнатилган плакат ёки баннерлар сайлов комиссияси вакиллари иштирокида ечиб олинади. Материалларни олиб ташлаш тадбири сайловдан икки кун аввал 20:00да бошланиб, овоз бериш жараёни бошланишига 1 кун қолганида эрталаб 06:00да тугатилиши белгиланган. Шу тариқа, 3 декабрь куни жамоат жойларида ташвиқот материаллари қолмайди.
 
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг таржимаи ҳоли битилган плакатлар ташвиқот материаллари ҳисобланмайди. 3 декабрь куни фақатгина сайловчиларни сайловга келишга ундаш тадбирлари амалга оширилиши мумкин.
Дурдона Расулова

Теглар:Президент сайлови Сайлов Ташвиқот 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар