...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон ва Қозоғистон учинчи мамлакатлар фуқароларига ягона виза жорий этади


11:36, 16.11.2018 Жамият
 2 433

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ягона кириш визасини жорий этиш, кейинчалик бошқа мамлакатларни иштирок этиш учун таклиф қилиш масаласини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон учинчи мамлакатлар фуқаролари учун ягона виза жорий этиши мумкин. Бу ҳақда “Norma” ёзмоқда.
 
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси айрим мамлакатлар билан виза режимини янада соддалаштириш ташаббуси билан чиқмоқда. Турар жойни ижарага бериш ва фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тартибини ҳам осонлаштириш кўзланмоқда. Бу 2025 йилгача туризм соҳасини ривожлантириш концепцияси лойиҳасида назарда тутилган.  
             
Виза режимини соддалаштириш
 
ЕИ мамлакатлари ва чиқиш туризми ривожланган бошқа минтақалар фуқаролари учун виза тартиб-таомилларини янада соддалаштириш режалаштирилмоқда. 2018 йил 10 февралдан бошлаб 7 та давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим, шунингдек 39 та давлат фуқаролари учун виза олишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланган эди.
 
Икки томонлама аҳдлашув асосида учинчи мамлакатлар учун Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ягона кириш визасини жорий этиш, кейинчалик бошқа мамлакатларни иштирок этиш учун таклиф қилиш масаласини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
 
Турар жойни ижарага бериш шартномаларини тузиш тартиби соддалаштирилади
 
Турар жойни (хусусий квартиралар ва уйларни) 30 кунгача қисқа муддатли ижарага беришнинг соддалаштирилган тартибини белгилаш режалаштирилмоқда.
 
ҚҲТБТ порталида муҳокама қилиш учун жойлаштирилган Вазирлар Маҳкамасининг “Айрим турдаги жойларни вақтинча яшаш учун бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасида янги тартиб батафсил баён этилган.
 
Ҳужжат лойиҳасига кўра, фаолият юритаётган “emehmon.uz” меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситаларида ижарада турувчилар ҳисобини юритувчи электрон автоматлаштирилган дастур негизида жисмоний ва юридик шахслар мулкида бўлган турар жойларни 30 суткагача қисқа муддатли ижарага бериш шартномаларини рўйхатдан ўтказиш бўйича ягона электрон тизимни яратиш режалаштирилмоқда.
 
Тизимдан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
 
  • кўпи билан 30 суткагача муддатга Ўзбекистонга келаётган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча рўйхатдан ўтказиш;
 
  • ш.ж. ижарага берувчиларга солиқ солиш ва жисмоний шахсларни турган жойи бўйича 30 суткагача вақтинча прописка қилиш, шунингдек турар жойларни сертификатлаштириш мақсадида жисмоний шахсларга ижарага бериладиган жойлаштириш воситалари ва турар жойларнинг маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш.
 
 
2019 йил 1 январдан қуйидагилар назарда тутилган тартибни жорий қилиш таклиф этилмоқда:
 
а) тизимда рўйхатдан ўтган турар жойларнинг мулкдорлари турар жойларни 30 суткагача қисқа муддатли ижарага бериш шартномаларини нотариал тасдиқламасдан ва солиқ органларида рўйхатдан ўтказмасдан электрон шаклда тузишга ҳақли;
 
б) қуйидаги турар жой мулкдорлари:
 
  • турар жойларни 30 суткагача, бироқ йилига кўпи билан 60 суткагача қисқа муддатли ижарага берувчи – тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтмасдан жойлаштириш бўйича хизматларни кўрсатишлари мумкин; 
 
  • турар жойларни 30 суткагача, йилига 60 суткадан ортиқ муддатга қисқа муддатли ижарага берувчи – тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтишлари ва ижарага бериладиган турар жойдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жойлаштириш воситаси сифатида фойдаланишлари шарт;
 
в) ижарага бериладиган турар жойлар тизимда шакллантириладиган турар жойларни ижарага бериш шартномаларининг ҳисоби юритиладиган ягона реестрга киритилиб, реестрдан тегишли кўчирма берилган ҳолда соддалаштирилган тартибда сертификатланади;
 
г) жойлаштириш воситаларида вақтинча яшаш даврида жойлаштириш воситалари маъмурияти ва ходимлари, шунингдек учинчи шахслар билан муносабатларда жойлаштириш воситаларида ижарада турувчиларга нисбатан турар жойнинг дахлсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари татбиқ этилади;


 
д) агар учинчи шахсларнинг ёки маъмурият (ижарага берувчи) вакилининг шикояти асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган текширув натижасида жойлаштириш воситасидаги жой ёки номерни эгаллаган шахс ғайриҳуқуқий қилмиш содир этаётгани аниқланса, ижарага берувчи, жойлаштириш воситаси маъмурияти ва ходимлари жавобгар бўлмайдилар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда белгиланган қилмишда улар иштирок этган ҳоллар бундан мустасно;
 
е) туристик йиғим тўлаш учун жавобгарлик қонун ҳужжатларига мувофиқ туристик йиғим тўлашлари шарт бўлган шахсларни қабул қилувчи ва (ёки) турар жойга вақтинча жойлаштирувчи шахслар зиммасига юклатилади.
 
Айрим рухсат бериш тусига эга ва лицензия талаблари бекор қилинади
 
Туризм фаолияти субъектлари учун рухсат бериш тусига эга ва лицензия талабларини янада соддалаштириш режалаштирилган. Бир қатор талабларни бекор қилиш назарда тутилмоқда. Хусусан, меҳмонхоналар ва бошқа туристларни жойлаштириш воситаларида ҳар битта алоҳида турғун алкоголли маҳсулотлар сотиш шохобчасини очишга рухсатнома олиш заруратидан воз кечиш кўзланмоқда.
 
Шу ўринда лойиҳанинг юқорида баён этилган қисмида ишлаб чиқувчилар аниқлик ва тузатиш киритиши талаб этиладиган формулировкалар мавжудлигини қайд этиб ўтамиз.
 
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Теглар:Ўзбекистон-Қозиғистон Виза 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар