22 нафар футболчидан ташкил топган ёшлар терма жамоаси бугун Тожикистонга жўнаб кетди.
Александр Мочинов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон ёшлар термаси жамоаси ОЧ саралаш босқичида иштирок этиш учун бугун, 31 октябрь куни эрталаб Тожикистонга учиб кетди. Бу ҳақда ЎФФ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур гуруҳда Ўзбекистон U–19 термаси Осиё чемпионати йўлланмаси учун мезбон Тожикистон, Бангладеш, Шри-Ланка ва Мальдив оролларига қарши баҳс юритади.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионати саралаш босқичига тайёргарлик доирасида БАА, Сербия, Грузия, Беларусь Республикаси, Арманистон, Қатар мамлакатларида, шунингдек, Тошкент шаҳрида ўқув-машғулотлар йиғинини ўтказди.
Йил давомида ўтказилган ўқув-машғулотлар ва кўриклардан кейин бош мураббий Александр Мочинов Осиё чемпионати саралашига 22 нафар футболчини жалб қилди.
Дарвозабонлар: Умиджон Эргашев (“Насаф”), Жавоҳир Қиличев (“Бунёдкор”), Обиджон Толипов (“Бунёдкор”).
Ҳимоячилар: Иброҳим Йўлдошев (“Пахтакор”), Абубакир Мўйдинов (“Бунёдкор”), Нодир Куйбаков (“Сўғдиёна”), Жасур Раҳимов (“Пахтакор”), Жасурбек Эшмаматов (“Пахтакор”), Дилшод Саидов (“Насаф”).
Ярим ҳимоячилар: Асадбек Собиржонов (“Пахтакор”), Расул Йўлдошев (“Бунёдкор”), Акмал Мозговой (“Насаф”), Бобуржон Асқаров (“Пахтакор”), Аббос Жумақулов (“Цементчи”), Алишер Салимов (“НБУ-Осиё”), Шоҳрухбек Абдураҳмонов (“НБУ-Осиё”), Ҳасан Йўлдошев (“Бунёдкор”), Афзал Холмуҳаммедов (“Бунёдкор”), Сухроб Иззатов (“Бунёдкор”).
Ҳужумчилар: Санжар Зокиров (“Цементчи), Ислом Кенжабоев (“Насаф”), Жаҳонгир Абдусаломов (“Бунёдкор”).
Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Александр Мочинов Тожикистон сафари олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“...Йил давомида сифатли ўқув-машғулотлар йиғинини ўтказиб, бир қатор ўртоқлик ўйинларида майдонга тушдик.
Тайёргарлик жараёни яхши ўтди. Футболчиларни синовдан ўтказдик ва терма жамоага муносибларини саралаб олдик.
Саралаш босқичидаги ҳар бир ўйинга жиддий муносабатда бўлиб, ғалаба қозонишни ва Ўзбекистонга Осиё чемпионати йўлланмаси билан қайтишни мақсад қилганмиз”, деди Александр Мочинов.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мусобақадаги илк учрашувини 2 ноябрь куни Шри-Ланкага қарши ўйин билан бошлайди.
Қуйида мусобақа тақвими билан танишиш мумкин.
U–19 ОЧ саралаши
Ҳисор, Тожикистон
31 октябрь, сешанба
14:00 Мальдив ороллари–Шри-Ланка
17:00 Бангладеш –Тожикистон
2 ноябрь, пайшанба
12:00 Шри-Ланка–Ўзбекистон
15:00 Мальдив ороллари–Бангладеш
4 ноябрь, шанба
12:00 Ўзбекистон–Мальдив ороллари
15:00 Тожикистон–Шри-Ланка
6 ноябрь, душанба
14:00 Бангладеш–Ўзбекистон
17:00 Тожикистон–Мальдив ороллари
8 ноябрь, чоршанба
14:00 Шри-Ланка–Бангладеш
17:00 Ўзбекистон–Тожикистон
Изоҳ: учрашув соатлари Тошкент вақти билан кўрсатилган.
Маълумот учун, U–19 Осиё чемпионатига мезбон Индонезиядан ташқари саралашнинг гуруҳ босқичида биринчи ўринни эгаллаган 10 жамоа ҳамда иккинчи ўринни эгаллаган энг яхши 5 жамоа йўл олади.
U–19 ОЧ финал босқичи 2018 йилнинг 18 октябрь–4 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.