“1977 йилдан бошланган ҳаётим Ўзбекистон ва Шарқ мусиқасини ўрганишга бағишланди. Мусиқани АҚШда оммалаштириш учун ҳам самарали меҳнат қилдим”
Теодор Левин 70 ёшга яқинлашганига қарамай, ҳалигача Марказий Осиёнинг мусиқий маданиятини ўрганиш ва тарғиб қилиш билан шуғулланади. Асли америкалик бўлган мусиқашунос бундан 40 йил аввал Тошкент давлат консерваториясида таҳсил олган. Суҳбатимизни 40 йиллик ўтмиш воқеасини эслаш билан бошладик.
– Мистер Тед, Ўзбекистонга илк келган пайтингиз ҳақида батафсил сўзлаб берсангиз.
– 1977 йилда мен талаба эдим. АҚШда энг нуфузли таълим даргоҳларидан бири бўлган Принстон университетида ўқиганман. Ўша вақтда Марказий Осиё давлатларида таълим олиш учун танлов эълон қилинганди. Ўзбекистонда ўқиш учун 1 йиллик грант ютиб олдим. Танловда жуда кўп талабалар иштирок этишганди, аммо 23 нафаргина ғолиб талабалар орасида борлигим менга фахр бағишлаган. Грант асосида Ўзбекистонга келган бешинчи, лекин мусиқа соҳасидаги илк талаба эдим. Тасаввур қиляпсизми, бу қанчалик бахт бўлган! Мусиқани ўрганиш учун бутун дунё бўйлаб саёҳат қилишни режалаштиргандим.
– Тошкентдаги талабалик онлари қандай кечган? Рус тилини ҳам ўша вақтда ўрганганмисиз?
– Грант ютиб олганимдан сўнг, аввалига Москвага бордим. У ерда 1 ой рус тилини ўргандим. Шундан сўнг, Москвадан Тошкентга 3 сутка йўл босиб, поездда келдим. Консерваторияда ўқишни бошладим ва Бешёғочдаги талабалар ётоқхонасида яшадим. Деярли ҳар куни бозорга бориб, нон ва қаймоқ сотиб олар эдим. Ўзбек таомларини ҳам яхши кўриб қолганман. Кўчада юрганимда барча менга ҳайрон бўлиб бошдан-оёқ қарар эди, қайси миллат вакили эканимга қизиқишарди.
– Тошкентдаги устозларингизни эслайсизми?
– Устозим Файзулло Музаффарович Караматов шарқ мусиқаси бўйича етук мутахассис эди, бу инсон Консерваторияда “Шарқ мусиқаси кафедраси”га асос солган. Устозимдан этник асарлар – катта ашула, лапарлар, Шошмақом каби мусиқаларни ўргандим. Мен бундай мусиқани ўрганган ғарблик илк мутахассис бўлдим. Ҳаттоки дутор чалишни ҳам биламан.
– Ўзбекистонда ўрганган билимларингизнинг натижаси қандай бўлди?
– 1977 йилда ўқиган вақтимда Самарқанд, Бухоро ва Хоразмга ҳам саёҳат қилдим ва у ердаги мусиқий анъаналарни ўргандим, кўплаб етук мусиқашунослар билан учрашдим. Шундан сўнг мен АҚШга қайтдим ва ўзбек Шошмақоми ҳақидаги докторлик диссертациямни ёқладим.
– Шундан сўнг, яна Ўзбекистонга қачон келган эдингиз?
– Кейинчалик, 1989 йилда яна Тошкентга келдим. Бу ерда ўзбек мусиқаси ҳақида китоб ёзишни бошладим. Китобимни ёзиш учун 5 йил вақт кетди. “The hundred thousand fools of God: musical travels in Central Asia” (“Тақдирнинг юз минг ҳазили: Марказий Осиёдаги мусиқий саёҳатлар”) китоби рамзий маънода номланган бўлиб, мусиқанинг нозик қирраларини очиб беради. Китобни дўстим, Отаназар Матёқубов билан биргаликда ёздик. Биз у билан Марказий Осиё мамлакатларига бирга саёҳат қилдик, мусиқашунослар билан учрашдик. Китобда Турғун Алиматов ҳақида ҳам кўп маълумотлар ёзганман. Бу китобни мусиқашуноснинг саёҳат кундалиги, деб атаса ҳам бўлади. Китоб жуда енгил ўқилади. Унинг аудиодиски ҳам бор бўлиб, куйларни тинглаш мумкин.
Китобни кўплаб машҳур мусиқачилар ўқишган. Жумладан, хитойлик виолончель устаси Йо Йо Ма классик мусиқа бўйича дунёдаги энг машҳур мутахассислардан бири ҳисобланади. У “Silk Road” номли гуруҳ тузган. Йо Йо Ма мени шу гуруҳда иштирок этишга таклиф қилди ва биз бир неча йиллар шу лойиҳа бўйича бирга ишладик. 2002 йилда Вашингтонда катта фестиваль ўтказдик.
– Ўзбек мусиқасини ўрганишдан мақсадингиз қандай эди?
– Биласизми, Ўзбекистонга келмасимдан аввал Шошмақомни тинглаганман ва бу куй мени ўзига ром этган. Шундан кейин қизиқишим ортди. Мақомларнинг ёқимли навосини тинглаганимда, уларнинг жуда чиройли куйланганини такрорлар эдим. Кейинчалик ҳатто дутор чалишни ҳам ўргандим. Ҳозир дутор чалиб тураман.
Мен ўзбек мусиқасини АҚШда янада оммалаштириш учун кўп меҳнат қилдим. Турғун Алиматов, Муножот Йўлчиева каби етук санъаткорларни Вашингтонга олиб бордим.
10 йил аввал охирги марта Тошкентга келган вақтимда Марказий Осиё мусиқаси ҳақидаги барча маълумотларни, изланганларимни битта лойиҳада тўплашга киришдим. Қозоғистонлик мусиқашунос Саида Даукеева ва қирғизистонлик Элмира Кўчимкулова билан биргаликда “Марказий Осиё мусиқаси” номли китобни тайёрлаганмиз. Қарийб 9 йиллик меҳнат натижасида 2016 йил декабрда тайёр китобни қўлимга олдим.
Китобда Шарқ мусиқасининг турли жанрлари тўғрисида маълумотлар бор ва айнан Шарқ мусиқачиларининг ижоди ёритилган. Китобдан Америка ёки Марказий Осиёнинг мен каби мусиқашуносларининг илмий ишлари жой олган. Китобни айнан мазкур ҳудуднинг мусиқаси ҳақида ёзилган ягона йирик нашр, деб бемалол айта оламан. Нашрдаги мусиқиқй асарларнинг жонли ижросини эса www.musicofcentralasia.org сайти орқали тинглаш мумкин.
– Ўзбекистонга келганингизда ўзингиз таълим олган Ўзбекистон давлат консерваториясига борасизми? Илмий ишларингиз ҳақида таълим даргоҳи хабардорми?
– Ўзбекистон давлат консерваториясида ўқиган вақтимда бизга таълим берган устозларимнинг аксарият қисми ҳозир ишлашмаяпти. Орадан 40 йил ўтди ахир! Шундай бўлса-да, келаси сафар Тошкентга келганимда консерваторияга таклиф қилишса, албатта, Марказий Осиё мусиқаси тўғрисида талабалар учун маъруза тақдим этган бўлардим.
– Бугун эришган ютуқларингиздан қониқасизми? Шу соҳани танлаганингиздан афсусланмайсизми? Ўз мамлакатидан узоқда яшаб, шу ҳудуд бўйлаб узоқ муддат саёҳат қилиш осон эмас.
– 1977 йилдан бошланган ҳаётим Ўзбекистон ва Шарқ мусиқасини ўрганишга бағишланди. Мусиқани АҚШда оммалаштириш учун ҳам самарали меҳнат қилдим. Илк бор Ўзбекистонга келган даврим ва кейинги ташрифим, яъни мамлакатингиз Мустақилликка эришиш арафасидаги ташрифим бир-биридан фарқ қилган. Иккинчи бора келганимда илк китобимни ёзиш учун Отаназар Матёқубов билан турли мамлакатларга саёҳат қилишимизга тўғри келган. Айтишим керакки, Мустақиллик қайсидир маънода бизларга ҳам эркинлик берди. Ишлашимиз учун ҳеч қандай тўсиқ бўлмаган. Бу эса ижодкор, санъаткор учун жуда муҳим.
– Оилангиз ҳақида ҳам маълумот берсангиз. Оилангизнинг фаолиятингизга муносабати қандай?
– Аёлим билан бир нафар қизимизни тарбиялаяпмиз. Қизиқ томони шуки, қизим лингвистика соҳасида ўқиган бўлса-да, менинг соҳамга бефарқ эмас. Қизим Натали бир неча марта илмий саёҳатларимда менга ҳамроҳлик қилган. Мусиқани, санъатни яхши кўради. Оилам касбимни, фаолиятимни қўллаб-қувватлайди.
– Сиз билан танишганимдан мамнунман. Мароқли суҳбатингиз учун раҳмат. Сизни яна Тошкентда кутиб қоламиз.