Бу воқеа ИИББ томонидан эътиборсиз қолдирилмагани, уларнинг “Иссиқ изидан” бориб қоидабузарни аниқлагани ва чора кўрганини олқишлаймиз.
Хабарда ушбу воқеа жорий йилнинг 29 ноябрь куни соат 16:00 атрофида содир бўлгани, светофорнинг қизил чироғида шахсий автомобилида тўхтаб турган хонандалар Ойбек ва Нигора яшил чироқ ёнгач, “маршрутка”нинг ортидан тушишгани ва мазкур 62-сонли йўналишли такси 25 ёш атрофидаги йигит томонидан бошқарилгани ҳақида ёзган эдик.
Бугун, 2 декабрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари “Qalampir.uz” сайти орқали тарқатилган хабарга ойдинлик киритишди.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўтказилган “Тозалаш-Антитеррор” тадбири доирасида кўрилган чоралар натижасида маршрутка ҳайдовчиси аниқланди.
ИИББ тарқатган хабарда келтирилишича, ушбу “маршрутка” ҳайдовчиси 1991 йилда туғилган Абдуқаюм Ирисбеков бўлган. Унинг бошқарувидаги 62-йўналишли такси эса “BARS SERVIS TRANS” МЧЖга қарашли бўлган.
“Qalampir.uz” аниқланган Мазкур ҳолат юзасидан А.А.Ирисбековга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 128-4 моддаси 1-қисми (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига бўйсунмасдан ўтиши – энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима) ва 128-моддаси 3-қисми (ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ёки йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмаслиги - энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима) билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Албатта бу воқеа ИИББ томонидан эътиборсиз қолдирилмагани, уларнинг “Иссиқ изидан” бориб қоидабузарни аниқлагани ва чора кўрганини олқишлаймиз.