...
МЕНЮ
ONLINE TV

Олмазордаги ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчилари ўқувчиларни ҳақоратлашга ихсослашган...ми?


17:27, 26.01.2018 Жамият
 8 381

Бировнинг боласини ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ деб, ҳам ўз номига, ҳам касбдошларининг ҳалол меҳнатига доғ тушираётган, муаллифликка номуносиблар ҳам учраб туради.

Устоз – отадек улуғ зот! Аслида унинг берган билими, кўрсатган йўл-йўриғи билан ҳаётда ўз ўрнимизни топамиз. Кўплаб машаққатларни енгиб ўтишимиз, маълум бир соҳага меҳр қўйишимизда ҳам ўқитувчиларнинг ўрни беқиёс. Шундай шогирдларни, ўқувчиларни биламан, мактабни битирганига 20-30 йил бўлибдики, ўқитувчисини тилидан қўймайди, байрамларда йўқлаб боради. Йўлда кўриб қолгудек бўлса, манзилига елтмай қолдирмайди. Бу ўқувчининг меҳр-оқибати, албатта! Бироқ бу меҳр мурғак бола қалбида ўз-ўзидан дунёга келмайди, ўз-ўзидан йиллар давомида сақланиб қолмайди. Хўш, ўқувчилари қалбига ўз ҳайкалини ўрнатаётган, меҳридан бино қураётган устозлар борми? Албатта, бор! Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, бировнинг боласини ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ деб, ҳам ўз номига, ҳам касбдошларининг ҳалол меҳнатига доғ тушираётган, муаллимликка номуносиблар ҳам учраб туради.
 
Куни кеча Тошкентдаги Турин политехника институти қошидаги академик лицейнинг Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ўқувчилар билан қўпол муносабатда бўлиб, остонада уларни ҳақоратлар билан кутиб олаётгани ҳақида ёзгандик. Бундай ҳолат мактабларда ҳам учраб турибди. Журналист Барно Мирзааҳмедова Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган 326-ихтисослашган мактабдаги ҳолатлар, айрим ўқитувчиларнинг ўқувчиларга бўлган муносабати ҳақида шикоятнома ёзиб юборди. Дарвоқе, қуйидаги мулоҳазаларни ўқиб, бир ўқувчи билан боғлиқ ҳолат сабаб бутун бошли мактабга ёки туманга баҳо бериш керак эмас, дерсиз. Биз ҳам шундай фикрдамиз, аслида. Бироқ бу Олмазор туманидаги мактаблар, хусусан 326-ихтисослаштирилган мактаб устидан келиб тушаётган илк шикоят мактуби эмас. Шу ўринда кичик бир мулоҳаза: гапирсанг бети, урсанг эти қотади. 
 
Олмазордаги ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчилари ўқувчиларни ҳақоратлашга ихтисослашган...ми?
 
Кеча, 25 январь куни ишдан кеч қайтдим. Қизимнинг айтган биринчи гапи: “ойи мен эртага мактабга бормайман”, бўлди. Нега деб сўрамасимданоқ, ўқитувчиларим мени ҳамма синфдошларимни олдида “мол” деяпти, “ўғри”га чиқаряпти деб йиғлаб юборди. Вазият жиддийлигини билиб, яхшилаб сўрай бошладим. Кейин билсам аҳвол чатоқ...
 
Бундан 4 кун аввал, қизим қўнғироқ қилиб, жисмоний тарбия дарсида йиқилиб тушганини айтиб қолди. Шунда ўқитувчиси уни мактаб шифокорига олиб кирибди, шифокор қизимнинг қўлини боғлаб қўйиб, кечқурун шишиб кетса ёки оғриса травматологга олиб боришсин, дебди. Бу гапидан кейин қизимни дарҳол мактабдан олиб, поликлиникага олиб бордик. Ҳақиқатан ҳам қизимнинг қўли синган экан. Шифокор дарров ГИПС қилиб қўйди. Бу хақда ўша куни қизимнинг синф раҳбарига хабар бердим. У “қизингиз дарслардан қолиб кетмасин, ёзмаса ҳам майли, дарсларни эшитиб ўтиргани фойда, келаверсин” – деди. Бу менга ҳам маъқул келди. Аммо ўша куни кечаси қизимнинг қўли оғриб чиқди. Уйга берилган вазифаларни ҳам қила олмадик. Шифокор ёзиб берган, витамин ҳамда оғриқ қолдирувчи дориларни ичириб мактабга юборавердим. Ўша куни рус тили дарсидан ўқитувчи шеър ёдлашга берган эди. Дарс пайтида қизимдан шеърни сўрабди, қизим ёдлай олмаганини айтса “мол, нега ёдламадинг” дебди...
 
Бундан уч кун ўтиб, география дарсида қизимнинг бир синфдоши 5000 сўм пули йўқолганидан ўқитувчига шикоят қилиб, ёнимда Мафтуна ўтирганди, у олган деб қизимга “тўнкаб” қолган. Ўқитувчи дарров қизимнинг олдига келиб “пул қани, сен олгансан, сен ўғрисан, тез бер!” деб, уруша кетган, қизим, — “устоз, мен олмадим, мана қаранг” деса ҳам сен ўғрисан, деб ҳамма синфдошларини олдида ўғрига чиқарган, изза қилган. Ваҳоланки, ўша вақтнинг ўзида бояги пулим йўқолди деган ўқувчи, оёғи остидан пулни топган....
 
Очиғи, қизимдан бу гапларни эшитиб, яна ҳар доимгидек ўқитувчиларни оқлашга ҳаракат қилиб кўрдим. Аммо, масала кундек равшан эди. Ўша ўқитувчиларнинг телефон рақамини топиб ўзлари билан гаплашмоқчи ҳам бўлдим. Бироқ кеч бўлиб қолганди.
 
Ҳа, бу гапларим кимларгадир эриш туюлар, майда масаладек кўринса керак, билмадим. Лекин “бошидан ўтган табиб”. Қизим ҳали 5-синфда ўқийди. У ҳали бола. Онаман, агар мактаб таълимини кузатадиган бўлсам, кунда-кунора бунақа дилхираликларни топа олишимга 100 фоиз аминман. Бола яхши ўқиши, мактабга, фанга, китобга меҳр қўйиши учун энг аввало, ўқитувчисини яхши кўриши керак. Ўқитувчи ўз ўқувчисига “сен ўғрисан, сен молсан, ўқимайсан, эплай олмайсан” каби ҳақоратларни ёғдираверса, биз қандай қилиб болаларимизни ўқишга қизиқтира оламиз?! Бу билан мен ота-оналар, жумладан ўзимни ҳам бу масалада четга олмоқчимасман. Ўқитувчи меҳр билан сифатли таълим берса, уйда ота-она ҳам боласи билан шуғуллансагина болани илмга ошно қила оламиз. Лекин гап айланиб яна ўша муаммога бориб тақалаверади: ўқитувчилар маданияти, болани севиши ва албатта ўз соҳасига фидойи бўлиши. Ўқитувчи энг аввало психолог бўлиши керак деган гап бор. Мен бу гапларни 326-сонли мактабнинг ҳамма ўқитувчиларига нисбатан айтмоқчи эмасман. Бу ерда саноқлигина, ўз касбини қисматига айлантириб олган ўқитувчилар ҳам бор...
 
Мактаб ёқмаса болангни бошқа мактабга олиб кет, дейдиганлар ҳам чиқиб қолар балки. “Хўроз ҳаммаёқда бир хил қичқиради”, буни яхши биламиз. Қолаверса, бугун мактаб таълими яхшигина оқсаган. Қўшимча пул тўлаб ўқув марказларида ўқимаган ўқувчи мактабдан тўғри бориб олий ўқув даргоҳига кира олмаслиги аниқ. Майли, бу бошқа масала. Лекин бир аёл, икки боланинг онаси сифатида боламга ичим ачийди. Айрим (айрим деганим билан жуда кўп қисми) ўқитувчилардан ўз касбларига садоқат билан ишлашларини, болаларга онадек муомала қилишларини, агар бу қўлларидан келмаса бошқа соҳага ўтишларини илтимос қилиб қолардим...
Барно Мирзааҳмедова
 
Таҳририят: Шу ўринда бундай шикоят Олмазор тумани билан биринчи марта учраётган ҳолат эмаслигини изоҳласак. 2017 йилнинг март ойида Олмазор туманида жойлашган 315-умумтаълим мактабида ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида жанжал келиб чиққани, инглиз тили ўқитувчиси бўлган Гулбўстон Низомиддинова 9-синф ўқувчиси Абдураҳмон Маҳмудовни ҳақорат қилгани ва синглисининг қизига урдиргани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар:Олмазор тумани Ўқитувчи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар