...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ноқонуний валюта савдоси учун 1 йилдан 7 йилгача қамоқ жазоси тайинлаш таклиф этилмоқда


12:44, 01.12.2018 Жамият
 2 988

2014 йилда ЖК 177-моддасининг 2-қисми билан боғлиқ 170 та жиноят аниқланган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 150 тани, 2016 йилда 227 тани, 2017 йилда 308 тани ва жорий йилнинг 9 ойда 240 тани ташкил этган.

Ўзбекистонда хорижий валюталарнинг ноқонуний савдоси устидан назоратни кучайтириш мақсадида Жиноят кодексининг 177-моддаси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 170-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиб, жиддий жазолар тайинланиши таклиф қилинмоқда.
 
“Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзолари “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 170-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ҳам муҳокама қилдилар.
 
Таъкидланганидек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланишни ўзига касб қилиб олган шахслар тоифаси ўрганилганда, кўп миқдорда ва жуда кўп миқдорда ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳлар ҳамда алоҳида бўлган ҳолда «якка тартибда» маъмурий ҳуқуқбузарликка сабаб бўлувчи шахслар аниқланган ва бундай тоифадаги жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш борасида тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда.
 
Хусусан, 2014 йилда ЖК 177-моддасининг 2-қисми билан боғлиқ 170 та жиноят аниқланган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 150 тани, 2016 йилда 227 тани, 2017 йилда 308 тани ва жорий йилнинг 9 ойда 240 тани ташкил этган.
 
Йиғилишда қайд этилганидек қонун лойиҳасида бундай тоифадаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноят қонунчиликда оғирроқ жазо назарда тутилмоқда. Жумладан, фуқароларнинг қонунга хилоф равишда валюта қимматликларини олиши ёки ўтказиши шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 75 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
 
Шу билан бирга, шундай ҳаракатлар анча миқдорда содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, шунингдек ушбу ҳаракатлар жуда кўп миқдорда уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
 
Таъкидлаш жоизки, тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилаётган ноқонуний валюта савдоси ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни очишга фаол ёрдам берган шахс жавобгарликка тортилмайди.

Теглар:Валюта айирбошлаш Миллий тикланиш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар