Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.
“Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас”.
Айни чекловлар мамлакатда байроққа бўлган самимий муносабатларга бироз дахл қилиб келаётгани, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни дунё бозорига мамлакат номи билан етказилишида тўсиқлар келтириб чиқараётгани сир эмас. “Миллий тикланиш” демократив партияси фракцияси Ўзбекистон Давлат байроғидан фойдаланиш тартибига ўзгартириш киритишни таклиф этмоқда.
Таҳлил натижалари кўрсатишича, қонунчиликда Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғидан ҳамда унинг тасвири туширилган белгилардан фуқаролар фойдаланишида муайян чекловлар ўрнатилган. Бунда мазкур чекловларни бузиш маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради.
Шу муносабат билан ҳамда илғор жаҳон тажрибасида фуқаролар давлат байроғидан фойдаланиши кенг қўлланилишини ҳисобга олган ҳолда “Миллий тикланиш” демократик партияси фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғидан ҳамда унинг тасвири туширилган белгилардан фойдаланиш имкониятини бериш мақсадга мувофиқ, деб ҳисобламоқда.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси тайёрланган
Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини майдонлар, бинолар, хоналар ва транспорт воситаларида унга нисбатан зарур ҳурматни таъминлаш шарти билан ўрнатиш (кўтариш) ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тасвирланган белгилардан фойдаланиш имкониятини бериш таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғидан ва у тасвирланган белгилардан фуқаролар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар бошқа ҳолатларда, шу жумладан, тижорат мақсадларида ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни, ишларни, хизматларни илгари суриш учун агар бундай фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қадр-қимматига путур етказмаса, фойдаланиш имкониятини бериш таклиф этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 июнь куни партия 2Ёшлар қаноти” фаоллари номидан Тошкент шаҳар ҳокимига Давлат байроғи шаҳар марказида ёшларни ватанпарварликка ундовчи Давлат байроғи майдонини яратиш ва унга катта ҳажмдаги флагштокни ўрнатиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган 18 ноябрь кунини кенг миқёсда тантанали ватанпарварлик маросими сифатида ана шу майдонда нишонлаш таклифи билдирилганди.
Мазкур мурожаатга жавобан Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “Халқлар дўстлиги” майдонида 65 метрлик Ўзбекистон Республикаси байроғи флагштоги ўрнатилди.