У собиқ мактаб директоридан лавозимга тиклаш эвазига пора олган.
Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, у муқаддам Поп туманида мактаб директори лавозимида ишлаганлиги, ЖИБ Поп тумани судининг 2017 йил 14 октябрдаги ҳукми билан судланиб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлигини, суд ҳукмидан норози бўлиб, 03.09.2018 йилда Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати Олимжон Тўхтаназаровга мурожаат қилганида, у давлат органларидаги юқори мансабдор шахсларга пора бериш орқали суд ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқартириб беришини ҳамда мактаб директори лавозимига ишга тиклаб беришини айтиб, эвазига 500 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилаётганлигини, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур ариза юзасидан вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда 22 сентябрь куни соат 15:00ларда Тўхтаназаров Чуст шаҳри марказида аризачи М.И.дан 500 АҚШ долларини олган вақтда, ашёвий далил билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2018 йил 22 сентябрь куни Олимжон Тўхтаназаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди, 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, шу куни вилоят халқ депутатлари Кенгаши розилиги олинган ҳолда Тўхтаназаров ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Олимжон Тўхтаназаров Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси, Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати бўлган.
У Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга “Нобель” мукофоти берилишини сўраганидан кейин ижтимоий тармоқда машҳур бўлиб кетганди.