Гап Жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Олимпия захиралари коллежларига қабул имтиҳонлари ҳақида кетмоқда.
Бугун, 25 май куни Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида “Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш истиқболлари” мавзусида Республика илмий-амалий анжумани ташкил қилинди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Назиржон Худойқуловлар иштирок этди. Бундан ташқари, ушбу тадбирда Тошкент вилояти прокурорининг ўринбосари ҳамда Чирчиқ шаҳар прокурори ҳам қатнашди.
Маълумки, айни пайтда республикадаги олий таълим муассасаларига ўқув йили якунига етиб бормоқда ва қабул жараёнларига тайёргарлик қизғин паллага кирган. Миллий олимпия қўмитаси юритаётган сиёсатга кўра спорт ўқув юртларига қабул жараёнлари шаффофлик ва ҳолислик билан ўтиши, турли ноҳақликлардан ҳоли бўлиши лозим. Учрашувда ана шу масалалар юзасидан фикр алмашилди, тушунтиришлар берилди.
МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов Жисмоний тарбия ва спорт университети, Олимпия захиралари спорт коллежларида бу йилги қабул жараёнларини шаффофлик билан ташкил этиш, турли қинғирликларга йўл қўйилмаслиги учун МОҚ томонидан керакли ишлар амалга оширилишини қайд этди. Унга кўра МОҚ, вазирлик ва спорт федерациялари масъул ходимлари қабул жараёнларида бевосита иштирок этади. Бу эса қабул жараёнида шаффофликни таъминлаш, маълум даражада коррупцияни олдини олиш имконини беради.
Йиғилишдан сўнг шу ернинг ўзида университетнинг кафедра мудирлари, масъул ходимлари билан алоҳида гаплашиб олинди. Қабул жараёнида йўл қўйиладиган ноҳақликлар кечирилмаслиги уқтирилди. Бу борада юзага келган турли ҳолатлар мисол тариқасида келтириб ўтилди.
Ўз навбатида ҳалол ва сидқидилдан фаолият кўрсатаётган устозларни рағбатлантириш мақсадида, давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Молия вазирлиги билан ҳамкорликда профессор-ўқитувчилар ва илмий-ходимлар маошларининг оширилиши бўйича Вазирлар Маҳкамасига қарор лойиҳаси тайёрланаётганлиги маълум қилинди.