А.Мухаммадиев 11 йил 6 ойга ва фуқаро Э.Буронов 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилди.
Муқаддам 3 маротаба гиёҳвандлик моддаларини сотиш ҳамда божхона чегарасидан ноқонуний ўтказиш каби жиноятларни содир этиб, яқиндагина жазосини ўтаб чиққан, Ургут туманида яшовчи фуқаро А.Мухаммадиев ва Нуробод тумани Нурбулоқ шахарчасида яшовчи гиёҳфуруш Э.Буронов Нуробод туманида гиёҳванд моддаларнинг ўзаро олди-сотдисини амалга ошираётган пайтда фош қилинди.
Натижада, А.Мухаммадиев ва Э.Буронов тахминан 30 гр оғирликдаги марихуанани намуна сифатида сотиш учун тақдим этган вақтида ушланди.
Шунингдек, ушбу шахсларнинг яшаш хонадонлари амалдаги тартибларга мувофиқ ва холислар иштирокида кинолог хизмати ити ёрдамида кўздан кечирилганда, бу ерда ҳам Э.Буронов томонидан экиб етиштирилган ва келгусида сотиш учун яширин тарзда сақлаб келинаётган 8,2 кг.дан ортиқ қуруқ ҳолатдаги марихуана борлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди ва 2017 йил 13 март куни Жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукмига биноан, А.Мухаммадиев 11 йил 6 ойга ва фуқаро Э.Буронов 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилди. Олиб қўйилган 8,2 кг.дан ортиқ гиёҳванд моддалар йўқ қилиниши белгиланиб, жиноят учун жазонинг муқаррарлиги таъминланди.
Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида яшовчи фуқаро Б.Бозоров ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар “кузатуви” жараёнида биринчи кун 6 гр., иккинчи кун 74 гр. “марихуана” гиёҳвандлик воситасини жиноий шерикларига сотади.
Шундан сўнг, унинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, томорқасидаги маккапоя ўсимлиги орасида жами 25 туп наша гиёҳванд ўсимликларини яширин равишда экиб, парваришлаб келаётгани аниқланди.
Шунингдек, яшаш хонадонининг турли жойларида чекиш учун мўлжалланган жами оғирлиги 1,3 кг.га яқин марихуана ҳамда 240 гр.дан ортиқ “Канопля” ўсимлиги таналари, 30 гр.га яқин уруғлари сақлаб келаётгани аниқланган.
Суд қарорига кўра, Б.Бозоровга 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, жазони ўташ давомида наркомания касаллигидан мажбурий даволаниши лозим деб топилди.
Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида Бозоровнинг шериги Ж.Жумаев ҳам 3 туп гиёҳванд ўсимликларини экиб, парваришлаб келаётгани аниқланди. Уларнинг наркотик олди-сотдисида иштирок этган яна 2 нафар фуқаро ҳам суд томонидан айбли деб топилиб, уларга 3 йил ва 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Бир мудҳиш хатони иккинчи маротаба такрорлаган Б.Бозоров ўз кўрсатмаларида 1990 йиллардан буён “наша” гиёҳвандлик моддасини чекиш йўли орқали истеъмол қилишини тан олди.