Айни вақтда умумий фойдаланишдаги ҳар бир автобус ва микроавтобусга GPS-навигатор ўрнатилади.
Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси автомобиль ва дарё транспорти агентлиги мавжуд йўналишларда қатновчи жамоат транспортларининг ҳаракатланиш тизимини мунтазам мониторинг қилиш мақсадида умумий фойдаланишдаги ҳар бир автобус ва микроавтобусга GPS-навигатор ўрнатилади. Бу қурилмалар орқали транспорт воситасининг ҳаракат вақти, тезлиги ва йўналишини реал вақт тизимида кўриш мумкин бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бўлим бошлиғи Галина Магай маълум қилди.
Бундан ташқари, жамоат транспортлари йўловчилари учун яна бир қулайлик яратилиш арафасида. Йўл ҳақи тўловини нақд пулсиз амалга ошириш тизими жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Бунинг учун махсус йўл карточкалари чиқарилади.
Шунингдек, амалга жорий этиладиган янги йўналишлар учун сўнгги бекатлар барпо этилади. Барча вилоятлардаги бекатларга жамоат транспортлари йўналишининг иш тартиби, бекатга етиб келадиган вақти кўрсатиладиган электрон таблолар ўрнатилиши ҳам режалаштирилмоқда.