“Ота-онам оддий ўқитувчи”, дея елка қисишлари бу касб эгалари жамиятнинг энг хокисор, энг камтар, энг ожиз қатламига айланиб қолганини кўрсатади.
Ўқитувчилик том маънода энг улуғ, энг мўътабар, энг шарафли касб бўлса-да, бошқалар у ёқда турсин, ҳатто айрим педагогларнинг ўзлари: “Мен бир оддий ўқитувчиман”, дейиши ёки уларнинг фарзандлари: “Ота-онам оддий ўқитувчи”, дея елка қисишлари бу касб эгалари жамиятнинг энг хокисор, энг камтар, энг ожиз қатламига айланиб қолганини кўрсатади.
Ҳеч шубҳа йўқки, бунга бир қатор омиллар сабаб бўлмоқда. Булардан энг кенг тарқалгани ва кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлаётгани юқори ташкилот вакиллари, юқори лавозим эгалари томонидан педагогик фаолиятга мутлақо боғлиқ бўлмаган турли жамоат ишларига, ҳудудларни тозалаш, ободонлаштириш, металлом йиғиш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавсумий юмушларига текин ва беминнат ишчи кучи сифатида ўқитувчиларнинг “ихтиёрий-мажбурий” равишда очиқдан-очиқ жалб этилишидир.
Аслида мамлакатимизда бундай ишларга кимлар жалб этилиши тўлиқ ҳуқуқий ва молиявий жиҳатдан ҳал этилган бўлса-да, яратилган имкониятлардан жойларда унумли фойдаланилмаётгани туфайли юртимизнинг турли ҳудудлари, туман ёки шаҳарларида юқоридаги каби нохуш ҳолатлар ҳали ҳамон давом этмоқда.
Президентимиз фармонига кўра, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ишсизларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига кенг жалб этиш тизими белгилаб берилган. Яъни, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилган. 2018 йилда ушбу жамғарманинг маблағи 714 миллиард сўм бўлиши белгиланган. Хўш, бу маблағдан кимлар қандай ишлар учун ҳамда қанча миқдорда фойдаланиши лозим?
Бунда жамоат ишларига ёки иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларини ишчи кучи билан таъминлаш мақсадида жалб этилган аҳолининг ишсиз қатламига тўланадиган ойлик иш ҳақи энг кам ойлик иш ҳақининг беш баробари (860 минг сўм)дан ортиқ бўлмаган миқдорда тайинланади. Бунда бюджет ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ташкил қилинган жамоат ишларида иш ҳақи бўйича тўловлар 100 фоиз, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари буюртмалари асосида ташкил қилинган жамоат ишларида эса иш ҳақи бўйича тўловларнинг 50 фоизи мазкур Жамғарма ҳисобидан қопланади.
Жамоат ишлари турларига шаҳар, туман, аҳоли пунктлари, маҳаллалар ва бошқа ҳудудларни ободонлаштириш (кўкаламзорлаштириш, тозалаш, оқлаш, маданий объектлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ва ариқларни тозалаш), уй-жой коммунал ва бошқа инфратузилма объектлари, кўчалар, йўллар ва пиёдалар юриш йўлакларини таъмирлаш, мавсумий қишлоқ хўжалик ишлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш, саноат тармоқлари ва хизматлар кўрсатиш соҳаси ташкилотларидаги юмушлар киради. Шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб жамоат ишларининг бошқа турлари ҳам назарда тутилиши мумкинлиги белгиланган.
Кўриб турганингиздек, мамлакатимизда ўқитувчиларни ўз вазифасидан чалғитиб жалб этилаётган жамоат ишларини иш қидириб юрган бошқа шахслар орқали, уларга ҳақ тўлаган ҳолда амалга ошириш имконияти мавжуд. Бироқ, жойларда ушбу имкониятдан етарлича фойдаланилмаяпти.
Масалан, тажриба сифатида бир туман миқёсида олиб кўрайлик. Туманга 2018 йилда жамғарма томонидан юқоридаги каби юмушларни бажариш учун 3,2 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағ ҳар бир ойга тақсимланса, ўртача 266 миллион сўмга тўғри келади. Бу маблағга эса 860 минг сўм миқдордаги 100 фоиз иш ҳақини тўланганда ҳам энг камида 300 нафардан ортиқ ишчини мавсумий ишларга жалб этиш имкони борлиги аён бўлади. 50 фоиз иш ҳақини тўлаш орқали эса 1000 нафарга яқин ишчини жамоат ишлари билан таъминлаш мумкин. Бироқ, ушбу туманда, январь-февраль ойлари давомида атиги 150 нафарга яқин ишчилар учун 80 миллион сўм жамғарма маблағи ўзлаштирилган холос.
Энди, хулоса қилиш мумкин: битта туманда 1000 дан зиёд ишчилар йил давомида жамоат ишларга ҳақ тўлаш орқали жалб қилинса, ўқитувчиларнинг, “ўз хоҳиши билан” бўлса-да, бундай юмушларни бажариб юришига ўрин қолармиди?!
Ўйлайманки, масъуллар ва тегишли мутасаддилар ушбу имкониятдан самарали ва тўлиқ фойдаланишса, ўқитувчиларнинг педагогик фаолият билан боғлиқ бўлмаган юмушларга жалб этилиши каби бугуннинг энг хижолатли ва уятли ишига барҳам берилади.
Жамиятимизда нотўғри шаклланиб қолган тушунчалардан яна бири, ўқувчининг давомати пастлиги, уй вазифасини бажармагани, дарсга мактаб формасида келмаслиги каби ҳолатларда биринчи жавобгар ва масъул бўлган ота-оналар четда қолиб, ўқитувчи айбдор бўлиб қолаётганидир. Бир соатлик дарс машғулотини ўтиш ўқитувчидан катта чидам, куч ва матонат талаб этади. Афсуски, бу каби ҳолатларда кўпчилик ота-оналар “олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” қабилида йўл тутмоқда. Агар, ҳар бир ўқувчига бир йилда 5 миллион сўмгача бюджет маблағи сарфланаётгани, энг муҳими, фарзандининг келажаги бугун олаётган таълим-тарбияга боғлиқ эканини эътиборга олсак, олдимиздан оқаётган сувнинг у қадар ҳам қадрсиз эмаслигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Шунинг учун ҳам ўқувчилар томонидан юқоридаги каби камчиликларга йўл қўйилганда, ҳақиқатан ҳам айбдор бўлган ўқитувчи билан бир қаторда, ота-оналарнинг ҳам масъулиятини ошириш ҳамда жавобгарлигини кучайтириш зарур, деб ўйлайман.
Ўқитувчи томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар оммавий ахборот воситалари орқали жуда кўп ва хўб муҳокама қилингани ҳолда, мунтазам дарс қолдирган, ўқишга иштиёқи йўқ, таълим муассасаси ички қонун-қоидаларини писанд қилмайдиган, ўқитувчига қўпол муносабатда бўладиган ўқувчи-талабалар ота-оналарининг масъулиятсизлиги эътиборсиз қолдирилмоқда.
Юқоридаги салбий ҳолатларга барҳам бериш, таълим-тарбия сифатини, ўқитувчиларимизнинг мавқеини ошириш борасида бугунги кунда жуда кўп ишлар амалга оширилиши зарур.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, мен ҳам оддий ўқитувчиман ва бундан фахрланаман!
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати
“Оила ва жамият” газетасидан