...
МЕНЮ
ONLINE TV

Чириган Наманганнинг картошкасими ёки “Озодлик”нинг журналистикаси?


15:31, 10.04.2018 Жамият
 11 788

Чириган-ачигани борми, деб қопларни очиб ҳам кўрдик, балки океанортида “ҳамкасабаларимиз” Марказий разведка бошқармасидан олган маълумотга таянган бўлса, ажаб эмас.

Broadcasting Board of Governors деган ташкилот бор АҚШда. “Ахборот тарқатув бошқарувчилари кенгаши” сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак. 1953 йилдан 1999 йилгача АҚШ ташқи тарғибот агентлиги сифатида фаолият юритган. Бу ташкилотнинг бюджети салкам бир миллиард АҚШ долларига тенг. Ўз ичига бизга яхши таниш бўлган, “холисликларидан” инсоннинг сочи тикка бўладиган “Озодлик” ва “Америка овози” каби ОАВларни бирлаштиради. АҚШнинг манфаатлари учун хизмат қилади. Бундан бошқа ҳеч қандай мақсад-вазифаси йўқ. Бу ОАВ деб аталмиш тарғибот машиналарининг асосий истаги “Демократия ҳамда инсон ҳуқуқлари” деган шиорлар билан АҚШнинг чизиғидан юрмаган давлатлар ичида жамиятни бузишга, мавжуд ҳукуматни обрўсизлантиришга, турли бўҳтонлар билан давлат тузумига қарши ғоялар шакллантиришга уриниш экани дунёнинг кўплаб мамлакатларида очиқ эътироф этиб келинади.
 
Материалларини бироз ўраб-чирмаб бериш услубида иш олиб борувчи “Америка овози”дан фарқли равишда “Озодлик” деб аталмиш ташкилот очиқ бўҳтон-ғийбат йўлини ўзига ёндашув қилиб танлаганини ҳаммамиз яхши биламиз. “Пашшадан фил ясаш”, хусусий ҳолатни умумий ҳолат шаклида бериш, “кимлигини айтишни истамаган манба” имзоси остида фантазиялари етган ҳолатда тўқима материаллар эълон қилиш, атайин ёлғон хабар тарқатиш (дезинформация) каби усуллар билан иш ташкил этувчи “Озодлик”нинг асл башараси кўпчиликка аён.
 
“Озодлик”дан навбатдаги сассиқ гап келди: “Чириган картошка сотишга мажбурланган дўконлар 3.000.000 сўмдан зарар кўрди” деган сарлавҳали Намангандан материал эълон қилинди. Айнан материалдан иқтибос келтирсак: “Наманган шаҳар озиқ-овқат агро-экспорт” ширкати ўзига қарашли ўнга яқин дўконнинг ҳар бирига бир тоннадан чириган картошка ва икки тоннадан айниган пиëз сотиш мажбурияти юклади. Озодлик билан суҳбатлашган дўкончилар маҳсулотлар чиригани боис, сота олмасдан зарар кўрганлигини айтишди”.
 
“Мавзуни ўрганиш жараëнида” “Озодлик” мухбири мамлакат омборларида “захира” сифатида сақланаëтган картошка ва пиëзнинг кунлар исиши билан чирий бошлагани боис, дарҳол сотувга чиқарилганини аниқлабди, ҳатто.
 
“Озодлик” мавзуни океанортида туриб ўрганганга ўхшайди. Чунки Наманганга келиб ўрганадиган мавзунинг ўзи йўқда! Биз янада масалага аниқлик киритиш учун Наманган шаҳрининг Юқори Ровустон ҳудудида жойлашган “Наманган озиқ-овқат агро экспорт”га қарашли совуқхонага йўл олдик. Ҳа, омборга эмас, совуқхонага, бу жиҳатни “Озодлик”ка айтиб қўяйлик, кейинги материалларда фойдалансин, картошка-пиёз омборда эмас, махсус совуқхоналарда сақланади Наманганда. Кунлар исиши-совушининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ жойда, яъни.


 
“Наманган озиқ-овқат агро экспорт” корхонаси бу йил учун 1500 тонна картошка, 900 тонна пиёз, 1300 тонна сабзи захираси ташкил қилган экан. Ҳозирда сақлаш ҳудудида бир кило ҳам пиёз қолмаганининг гувоҳи бўлдик. Картошканинг эса 180 тоннаси ҳали ушлаб турилибди. Чириган-ачигани борми, деб қопларни очиб ҳам кўрдик, балки океанортида “ҳамкасабаларимиз” Марказий разведка бошқармасидан олган маълумотга таянган бўлса, ажаб эмас дея. Йўқ, бирорта ҳам чириган картошка топмадик. Бизнинг ташрифимиздан энг ҳайрон қолган эса, “Наманган озиқ-овқат агро экспорт”нинг ходимлари бўлди. “Озодлик”нинг материалини қисқа баён қилганимизда эса, кулгидан ўзини тутолган қолмади.
 
Сабабини суҳбат чоғида кейин билдик. “Наманган озиқ-овқат агро экспорт”нинг асосий фаолият мақсади тижорат эмас, бозорда нарх мутаносиблигини ушлаб туриш, ўз захирасидаги маҳсулотларни тижорий нархлардан арзон равишда сотиш шахобчалари ташкил этиш орқали спекуляциянинг олдини олиш. Ҳаттоки шу ҳам маълум бўлдики, бу корхонага қарашли дўконлар сони 10 га яқин эмас, нақ 78 та. Бироқ...
 
“Озодлик”нинг материалидаги энг “қовун” жойига эътибор қаратамиз: 1. “Наманган озиқ-овқат агро экспорт”га қарашли дўконлар”. 2. 2500 сўмдан берилган деб иддао этилаётган чириган картошка ва пиёз. 3. Ишдан бўша деган таҳдид...
 
Энди қаранг, қовушмаяпти-а! Хўш бу дўконлар “Наманган озиқ-овқат агро экспорт”га қарашли бўлса ва уларни юритаётганлар маошли ходимлар бўлса, унда ким қанақа зарар ҳақида гап боряпти? Йўқ, зарар ёки фойда кўриши мумкин бўлган тадбиркорлар ҳақида гапирадиган бўлсак, унда ишдан бўшатиш масаласи нима?
 
Саволми, савол! Масалага “Наманган озиқ-овқат агро экспорт” бош мутахассиси Наримон Камолов ойдинлик киритади:
 
— Корхонамиз аҳолига имтиёзли нархларда сотиш белгиланган саккиз хил турдаги маҳсулотларни етказиш учун масъул ҳисобланади. Биринчи январдан бошлаб бу рўйхатдан ёғ чиқариб ташланди. Хўш, энди дўконларга келсак. Биз бу маҳсулотларни тарқатиш учун МФЙ томонидан тавсия этилган, ташкил этилган бироқ фаолият юритишга қийналган савдо дўконларидан фойдаланамиз. Белгиланган маҳсулотларни етказиб берамиз, улар биз қатъий белгилаган нархда сотиб, сотилган қисмининг пулини топширишади, қолгани сотувда туради. Бунинг эвазига уларга ойлик маош тўлаймиз. Яъни улар меҳнат шартномаси асосида биз томонимиздан берилган маҳсулотни реализация қилишади. Ўртада улар томонидан зарар ёки фойда деган ҳолат мавжуд эмас. Бу дўконларда бизнинг маҳсулотларга қўшимча равишда истаган бошқа товарларни сотишлари, ўзларига қўшимча даромад олишлари мумкин. Ҳаттоки, “Озодлик”ка мавзу бўлган картошка-пиёзни ҳам. Лекин бу эркин тижорат шаклига биз билан бўлган меҳнат муносабатларининг алоқаси ҳам йўқ. Истаса маҳалласидаги фермердан олиши мумкин, қўлидан келса, чет элдан импорт қилиши мумкин. Уларга фойда қаердан келишини ўзлари билишади, албатта.
 
Биздаги картошканинг сифатини кўрдингиз, янги терилгандай турибди. “Кунлар исиши туфайли совуқхонада чириган картошка-пиёзни” қандай тасаввур қилган бу айтган мақолангиз муаллифлари, билмадим. Лекин бу картошка юқорида таъкидлаганимиздек захира картошка, яъни бу дўконларда сотилиши умуман мумкин бўлмаган товар. Давлат захирасининг асосий мақсади фойда кўзлашни эмас, тақчилликни истисно қилишни назарда тутади. Шу жиҳатдан захира шакллантирилиши учун ноль фоизли кредит билан таъминланиб келамиз.
 
Хулласкалом, “Наманган озиқ-овқат агро экспорт”га қарашли омборда чириган картошка тополмадик. Ўйланиб қолдик, балки чириган Наманганнинг картошкаси эмас “Озодлик”нинг журналистикасидир?
Дилмурод Жумабоев,
“Vodiymedia.uz” интернет нашри раҳбари

Теглар:Озодлик Картошка Наманган 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар