Ўзбек аёли ҳам намунали уй бекаси, ҳам меҳрибон она, севикли ёр ва жамиятнинг ҳал қилувчи кучи. Сўнгги йилларда аёлларнинг фаоллиги янада ошди. Уларга яратиб берилаётган имкониятларнинг эса чеки йўқ. Келинг, бу ҳақда яхшиси аёлларнинг ўзларидан эшитсак.
Жамила Шермуҳаммедова, Республика Маърифат ва маънавият маркази эксперти, файласуф, сиёсатшунос, жамоатчи, олима:
— Ҳар биримизнинг сулоламиз, шажарамиз, оилавий анъаналаримиз бор. Айтишим керакки, мен ҳам донишманд ва файласуф инсорлар оиласида дунёга келганман. Ёшлигимдан китоб мутолаасини севардим. Айнан мана шу китоблар, ота-онам берган таълим туфайли бугун, жамиятда ўз йўлимни топганман. Ушбу касбда фаолият юритаётгнимга 45 йил тўлди. Мен, мен таълим берадиган ҳар бир йигит қизни ўз фарзандим, уларнинг фарзандларини эса набираларим деб биламан. Уларнинг хурсандчилиги менинг ҳам хурсандчилигим, дарди эса дардим. Шу касбим орқали Республикамизнинг барча вилоятларида маънавият-маърифат тарғиботчисига айланиб, миллионлаб ёшларга таълим берганимнинг ўзи мен учун бахт.
Мен Ватанпарвар, фидоий аёл сифатида касбим орқали миллионлаб ўғил-қизларга илм ва билим бериб, ҳалол меҳнат килиб бахтга эришиш мумкинлигини исботлай олганимдан гурурланаман, чунки аёл деган сўзнинг ўзи бизни фахр ва ифтихорга чорлайди. Нега дейсизми, парвардигорим ахир бизни она деган касбга ҳам чорлайди-ку! Менимча, аёлнинг буюклиги ҳам шунда бўлса керак. Шу ерда мен муҳтарам Президентмизнинг Ўзбекистон хотин-қизларига байрам табриги муносабати билан айтган сўзларини эсламасдан ҳеч иложим йўқ. “Бу дунёда ширин ва аҳил, бахтли ҳаёт учун пойдевор яратиб, инсонни инсон, оилани мустаҳкам оила қиладиган, биз учун севги-муҳаббат, вафо ва садоқат тимсоли бўлиб келаётган сиз, гўзал ва бетакрор, қадрдон аёлларимиз, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз!” Бу сўзлардан кейин қандай қилиб аёл эканлигимдан фахрланмайман? Албатта, катта куч ва ғайрат, ғурур билан фахрланаман. Шу Ватанда яшаб, касбим орқали катта муваффақиятларга эришаётганимдан бахтиёрман.
Оила – мен учун бу катта маскан, яъни алоҳида давлат. Демак ўзининг қонун қоидаларига эга. Оила – энг баланд тоғ, демак уни нимаики бўлмасин, альпенистнинг кўмагисиз ўтишингиз лозим, оила бу боғ,сиз унинг боғбонига айланишингиз даркор. Оила – бу кутилмаганда сел, сиз уни тўхтатишингиз шарт. Оила – бу шамол, сиз уни илиқ шамолга айлантириш санъатига эга бўлишингиз керак. Оила – бу ҳордик, хурсандчилик, истироҳат маскани, театр, кино, музей, ёзилмаган китоб, хуллас энциклопедия.
Дарҳақиқат шундай экан аёл оиласи орқали бутун жамиятнинг меъморига айланиши муққаррар! Шундай экан, аёл ҳамиша, ҳар қандай, айниқса, қийин шароитда ҳам оилада ўзининг биринчи навбатда таълим-тарбияси, жозибаси, шарм-ҳаёси, латофати, ахлоқи, юксак маънавияти ва маърифати, интеллектуал салоҳияти билан меҳр-мухаббатини тарғибот қилиши, ўзи биринчи навбатда амал қилиши, оила пойдеворига катта куч-қувват бағишлайди. Чунки у биринчи навбатда, турмуш ўртоқ, жажжи фарзандларининг меҳрибон онаси эканлигини унутмаслиги керак. Оиладаги сокинлик биз меҳридарё оналарнинг кўлимизда эканлигини унутмаслигимиз керак.
Мустақиллик йилларида аёлларнинг давлат ва жамият ишларидаги фаолилиги янада ошди. Давлат ва жамият бошқарувида, сиёсий ва ижтимоий ҳаётимизда, фуқаролик институти ва нодавлат ташкилотларда минглаб аёларимизнинг эл- рт манфаати учун жонбозлик қилаётлари бунинг ёркин далилидир. Айниқса таълим-тарбия, маданият ва илм- фан соҳаларида аёлларнинг фаолияти 73 фоизни, соғлиқни саклаш тизимида 75 фоизни, ишлаб чиқариш тармоқларида 42 фоизни, қишлоқ хўжалигида 43 фоизни ташкил этяпти. Ҳозирги вақтда кичик бизнес субъектларининг 120 мингдан ортиғини, фермер хўжалигининг 4 минг 550 дан ортиғини айнан аёллар ташкил этаётгани бизни қувонтиради.
Мен Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча аёлларни 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклайман. Уларга мустаҳкам соғлик, тинлик ва хотиржамлик тилайман!