Беш фарзанднинг – учи қиз, иккиси ўғил. Энг каттаси 10 ёшда, кенжатой эса эндигина бир ярим яшар. Кўзлари мунчоқ болажонлар пана-панадан қизиқиб тикилади. “Салом бердингми?”, дейди онаси овозини пастлатиб...
Бундан 15 йил аввал кимдир андижонлик мен содда қизга Туркияга бориб таълим оласан, кейин ҳаётинг шу мамлакат билан боғланади, оила қуриб, ўша ерларда қолиб кетасан, Ўзбекистон ва Туркия дўстлигини мустаҳкамлаш йўлида ишлайсан, деса ишонармидим, билмам... 15 йилдирки Туркиядаман. Бу орада беш йил Истанбулда яшадим. 10 йилдан буён Анқарадаман.
Кўча-кўйда ўзбекларни учратсам, ич-ичимдан қувонаман, айниқса, бу мамлакатга келиб таҳсил олаётган, хайрли ишларга бош қўшаётган, Ватанимизнинг ишончи, эртанги кунига айланган ёшларни кўрсам, кўзим қувнайди. Ўтган йили “Qalampir.uz” раҳбари Қамариддин Шайхов бизнинг мудирликка келди. Танишдик, фикр алмашдик, ижодий ҳамкорликни йўлга қўйдик. Ўзбекистонда ОАВга яратиб берилган шароитлар ҳақида мудирликдагилар тўлқинланиб гапирганди.
Ўзбекистон диёри тинч, осуда! Яратганга минг шукрлар бўлсинки, у ишончли қўлларда. Чегараси мустаҳкам, келажакка дадил қадам ташламоқда. Шу сабаб ота-онам, жигарларимдан кўнглим хотиржам, ўзга юртда бошимни баланд кўтариб юрибман.
Бугунги байрам – Халқаро хотин-қизлар куни ҳам Ўзбекистонда кўтаринки кайфият билан нишонланмоқда. Кеча Президент Шавкат Мирзиёев аёлларни шахсан табриклади.
Ҳадемай, Наврўз эшик қоқади. Ўзбекистондан келадиган сумалак, кўк сомса, кўк чучвараларни муштоқ бўлиб кутяпмиз.
Мусофирчиликнинг нони ширин, дардлари яширин. Пойтахт Анқарада асосан ўқиш билан келган ўзбекларни учратамиз. Афғонистонлик бўлган миллатдошимиз билан бўлган учрашув эса мени ушбу ҳикояни ёзишга ундади.
Инсон ҳаёти қизиқ: биз хаёлимизга келмаган ҳодисалар баъзан бир сония кейин бошимизга тушиши, ҳаётимизга янги инсонларни олиб келиши ва булар савоб ёки гуноҳимизга сабаб бўлиши мумкин.
Афғонистонлик ўзбек Ҳамидахон билан учрашувимиз ҳам тасодифлардан иборат. 2-синфга борадиган ўғлимни синфдошининг онаси ишхонамга яқин жойлашган масжидда Қуръон муаллимаси. Турмуш ўртоғи ҳам Жоме масжидида имом бўлиб ишлашини яқинда билдим. Хуллас шу аёл бир неча ой аввал Қуръон ўрганиш дарсларига икки нафар афғонистонлик қизалоқ кела бошлагани, уларнинг оиласи шу маҳаллага кўчиб келгани, аҳволлари оғирлигини айтиб қолди. Болаларнинг турк тилини билмаслигини таъкидлаб, уларга китоб масаласида қандай ёрдам бера олишимни сўради.
Ўша вақт афғонистонлик ўзбекларданмикин, деган ўй хаёлимдан ўтди. Лекин... Давлат ишида ишлайман, югур-югурлар сабаб кўпдан бери бош қашишга вақт йўқ. Ўша суҳбатдан кейин яна ўзим иш, уй, рўзғор юмушларига шўнғиб кетдим. Токи бир дугонам боласининг ўйинчоқларини “болалари бор оилаларга берарсан”, демагунича...
Ўйинчоқлар иш столим тортмасида анчадан бери турганди. Бир кун ишдан чиқишда ҳалиги муаллима аёлга қўнғироқ қилдим. Маъқул бир ерда учрашдик, қўлига тортмамда сақланган омонатни тутқазиб, бу ўйинчоқларни ўша афғонистонлик оилага беришини илтимос қилдим. Муаллима эса мендан вақт топиб, шу оила билан танишишимни, ҳадямни ўз қўлим билан беришимни илтимос қилди. Йўқ, деёлмадим. Яратганнинг ҳикмати шу бўлса керак. Агар ўшанда яна рўзғор юмушига чопганимда, бугун бу мақола бунёд бўлмасди, хайрли ишдан ҳам қуруқ қолардим.
Афғонистонлик оила яшайдиган уй яқин экан. Биргалашиб кўп қаватли уйга келдик. Муаллима шошиб турганимни пайқаб, вақтимни олмаслик учун ичкарига кирмай, ҳовлидан гаплаша қолайлик деди. Уйнинг орқа тарафига ўтдик. Одатда Туркияда энг паст қаватда (бу ерни ертўла ҳам дейиш мумкин) шу уйни тозалайдиганлар, чиқиндиларни тўкадиганлар, уй эгаларининг хизматларини бажарадиганлар яшайди. Ҳовлини айланиб ўтиб, пардаси четга сурилган панжара ёнига келдик. Уй пастки қаватда бўлгани учун биз турган ҳовли сатҳидан пастда эди. Уйни пардаларни очиб, қуёш тафтида иситишаётган экан.
Кичкина жуссали, кўзларидан дард, соғинч сезилиб турган, ҳорғин юзли, тўлачадан келган аёл ойнани очди. Туркча салом берди, мен эса “ассалому алайкум”, дедим. Аёл ҳайрон бўлиб қолди, очиғи, миллатдошини кутмагани юз-кўзидан маълум эди. Бу учрашувдан иккамиз ҳам ҳаяжонда эдик.
Аёлнинг юзига бироз ҳадик, гумон оралади. Қисқача ўзимни таништирдим, мендан қўрқмаслигини айтдим. Уни ҳам тушунса бўлади, йиллаб “Толибон”, ИШИДнинг зўравонлигини ўз кўзи билан кўриш, ҳар кун ўқ овози билан уйғониш, болалари ва ўзининг эртанги ҳаётини ўйлагани сайин шубҳа ва охири йўқ зулматларга ғарқ бўлиш... Бу бир аёл учун ортиқча юк. Ахир қайси она, қайси аёл фарзандлари даврасида, тўкин дастурхон атрофида уларнинг нурли келажагидан суҳбатлашиб ўтиришни истамайди?!
Ҳамидахоннинг беш фарзанди бор. Онаизор беш боласини, жонининг бир парчасини сақлаш учун не азоблар кўргани нигоҳларидан маълум. Кетма-кет уюштирилган бомбардимонларга бардош бериш, уйининг қайси бурчагига яширинишни билмай, таҳликада ҳаёт кечириш... Буларни ўйласам яна шукрлар айтаман.
Беш фарзанднинг – учи қиз, иккиси ўғил. Энг каттаси 10 ёшда, кенжатой эса эндигина бир ярим яшар. Кўзлари мунчоқ болажонлар пана-панадан қизиқиб тикилади. “Салом бердингми?”, дейди онаси овозини пастлатиб...
Менинг ҳам бир ярим яшар ўғлим бор. Мен ҳам онаман, аммо Ҳамидахон билан турмуш шаротимиз, кўрган-кечирганларимиз орасида ер билан осмонча фарқ бор. Ҳар кун ишдан чиқиб, иссиқина уйимга, болаларим бағрига шошаман. Бугун ҳам уларни куттириб қўймаслик учун Ҳамидахон билан узоқ суҳбатлаша олмадим. Узримни айтиб, хайрлашдим. У табассумга куч топди, юзидаги ҳорғинликни сидириб солди. Ўзбекона лутф билан кулимсираб, “2 ойдан бери қулоқларим битганди, ўзбекчани эшитиб очилди”, деди. “Яна келаман, шу яқин орада ишлайман”, дея ортимга қайтдим.
Бу хонадондан узоқлашар эканман, бўғзимга бир нарса тиқилгандай бўлди...
Эртаси куни тушлик маҳали уйларига кирдим. Икки тўнғич қизлар дарсга кетишганди, кенжатойлар оналари билан уйда қолганди.
Ҳамидахоннинг кўнглига қўл солишга, дардларини енгиллатишга уриндим. Ҳаракатларим зое кетмади, аёл бошларидан ўтган ходисаларни айтиб берди. Кўзига қалққан ёшни кўриб, мен ҳам чидаб тура олмадим. Ўша куни бўғзимга тиқилган кўз ёшлар киприкларимни намлади. “Сизниям дилингизни хуфтон қилдимми?”
Бир пайтлар уларнинг ҳам яшаш шароитлари яхши, ўртаҳол оилалардан бўлган экан. Афғонистоннинг Фарёб провинциясидаги уйлари жангарилар томонидан бомбаланганда, Ҳамидахоннинг қўл-оёқлари куйибди. Қўлтиғида бомба заррачаси ҳам қолиб кетибди.
“Бомбадан қолган зарра оғриғидан кечалари ухлолмай чиқаман. Уйимиз вайронага айланди. Яшаш тугул, жон сақлашга ҳам кўзимиз етмади. Устига-устак ИШИД ва “Толибон” деган бало қизларни ҳам ўғирлашни бошлаганидан кейин у ерларда болаларимизнинг тинч яшашига кўзимиз етмади. Уларнинг тақдирини ўйлаб, Туркиядан бошпана истаб келдик”, дейди Ҳамидахон.
Икки йил аввал оила бошлиғи Туркияга келиб ишлаган. Шу аснода бу ердаги шароитни ўрганган. Бироз пул топиб, Афғонистонга борганида Ҳамидахон “ўлсак ҳам, бирга ўлайлик, бизни бу азобда қолдирманг”, деб ёлворибди.
“Хўжайиним Ниғмуҳаммад ҳам портлашда бошидан яраланганди”, деб суҳбатни давом эттиради Ҳамидахон. “Ҳозирда бир иш жойида идиш-товоқ ювади, кунига 50 турк лираси (ўртача 13 доллар) тўлашади. Хайр-саховатли одамлар ҳар ерда топиларкан. Турмуш ўртоғимга иш берган бошлиқ саломат бўлсин, оиламизга бошпана, гилам, идиш-товоқ, музлатгич хуллас, энг керакли нарсаларда катта ёрдам берди. Эндигина келиб жойлашганимизда ҳаво бироз совуқ эди, болалар бетоб бўлиб қолса, дадасига оғирлик қилмасин, дори-дармонни текинга бермайди-ку, деб уйни кўпроқ иссиқ тутишга ҳаракат қилдик. Газни кўп ишлатиб юборибмиз. Ҳозир фақат битта хонани иситяпмиз, сиз келганингизда пардани очиб, қуёш нурида хоналарни иситаётганимнинг сабаби ҳам шу эди”, дея кўзидаги ёшни артади Ҳамидахон.
Фақат битта хона иситилаётгани учун даҳлиз ва яна бир хона, ошхона, ҳаммом совуқ. Шу сабабданми оиланинг кенжаси бетоб эди, уни қўлимга олиб иситмаси борлигини сездим. Оила доимий яшаш учун рухсатнома сўраб тегишли ташкилотларга бош суқибди, ҳали расмийлаштириш ишлари якунланмагани учун таълим олиш, даволаниш хизматларидан фойдаланишлари мумкин эмас. Бир ярим яшар болага Афғонистондан ўзи билан олиб келган дорисидан ичирибди. Муддати ўтганчи ё сифати бузилганми, натижаси бўлмаган. Ўша куни ишдан қайтаётиб дори олиб бордим, болага ичириб яна турли ўйлар билан ортимга қайтдим.
“Бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув керак”, деган нақл бор ўзбекларда. Бир болага етти маҳалла ота-она, деган гапга эса саҳоватпеша одамлар бор экан, дунёнинг ҳар бурчагида амал қилинади. Мени Ҳамидахон билан таништирган аёл ва унинг турмуш ўртоғи ҳам Афғонистондан келган ўзбеклар ҳолига жим қараб туришгани йўқ, оилага жуда кўп ёрдам беришибди. Ахир, беш болали рўзғорни тебратишнинг ўзи бўладими...
Ҳамидахон эса “Турклар жуда меҳрибон халқ экан, ҳамма қўлидан келган ёрдамни бериб келяпти, улар қўл узатмаса, биз бундан-да оғир аҳволда қолардик. Намозларимда доим дуо қиламан”, деди такрор ва такрор.
Кечки пайт Ҳамидахоннинг турмуш ўртоғи билан гаплашдим. Аёл хўжайинига мен ҳақимда гапирибди, хурсанд бўлишибди. “Ўзбек қаерда бўлса ҳам бир-бирини қўллайди, сиз билан танишганимиз яхши бўлди”, дейди.
Оғир аҳволга тушган инсоннинг кўнгли жуда нозик бўлади. Сал нарсага дилини оғритиб қўйиш ҳеч гап эмас. Шунинг учун эҳтиёт бўлиб гапиришга ҳаракат қилдим: Яратганнинг синови бу. Бугун бу дард сизда, эртага бошқасида. Аввало мусулмонмиз, кейин бир миллат одамимиз. Мусофирчиликда бир-биримизга керакмиз. Шунақа пайтларда ёрдам қўлини чўзмасак, уят бўлади.
Ниғмуҳаммад эса. “Сиз опам бўлдингиз. Энди сизни опа дейман. Қолаверса, қонимиз бир. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур бизларни бирлаштириб туради. Бу ерларда қоладиган бўлсак, борди-келди қиламиз, аёлим ва фарзандларим тўйларингизда хизмат қилишади, насиб бўлса”, дейди.
Эр-хотин жуда кўп дуо қилишди. Афғонистон ўзбекларининг дуоалари ҳам ўзгача бўларкан, қулоғимга ёқимли эшитилди. Дунёда кимгадир фойданг текканини билиш, болаларнинг хурсандлигини кўриш, энг катта бахтлардан бири эканлигини яна бир бор ҳис қилиб, ортимга қайтдим.
Ишхонамда бир аёл бор, хайр-эҳсон ишларидан хабардор. Дарров уларга сим қоқдим. Яқин атрофдаги таниш-билишларга хабар қилдим. Ҳаммалари қўлларидан келганча ёрдам бера бошлашди. “Тома-тома кўл бўлур” деганларидек, ёрдамлар кўпайиб, Ҳамидахоннинг юзларидаги табассум, болажонларининг кулгуси, хурсандчилиги ортса, биз хурсандмиз.
Энг муҳими, энди ўқ товуши билан уйғонмайдилар, бошларида ажал самолётлари учмайди. Мен ҳарбий самолётнинг даҳшатли овозини жуда яхши билан. Туркияда 2016 йилнинг 15 июль куни давлатга қарши ҳарбий тўнтаришга уриниш содир этилган тун ҳамон ёдимда. Ўшанда Ф16 ҳарбий самолёти худди бомба остида қолдирадигандек, жуда яқин учганди. Уйимиздан узоқлашиб, Миллий мажлис атрофида тўпланган аҳолига қарата узилган ўқ овозлари ҳам кечагидек ёдимда.
Ўша куни уйга қайтиб, Ўзбекистондаги жигарларим билан телефонда гаплашдим, байрам билан табрикладим. Аям пенсия олибдилар, кайфиятлари яхши эди. Маҳалладаги аёллар билан сумалакка тайёргарлик кўришаётган экан. “Кейинроқ ўзим телефон қиламан”, деб гурунгни давом эттирдилар.
Синглимдан хабар олай дедим, у анчадан бери бироз бетоб эди, аҳволини сўрадим. Давлат кам таъминланган ва ногиронлиги бор шахсларга уй бераётган экан. Шу уйга ҳужжатларни тўплашни бошлабди. Улар билан гаплашиб, кўнглим ҳузур топди. Ҳамидахоннинг дардлари унут бўлгани йўқ-ку, лекин Ўзбекистондаги тинчликдан юзим ёришди.
Юрт тинч бўлсин, энг муҳими, ҳеч ким афғонистонлик мусофир ўзбеклар Ҳамидахон ва Ниғмуҳаммад сингари Ватансиз қолмасин. Юрт равнақи, халқнинг осойишталиги учун тинмай меҳнат қилаётган Ўзбекистон раҳбариятини Яратган ҳар ишда қўлласин, ўзи мададкор бўлсин.
Дунёнинг қайсидир бурчагида хотин-қизлар байрамини саргардонликда нишонлаётган ўзбек аёли бор. У мен сизга танитган – Ҳамидахон!
Ўзимизда борига, байрамни оиламиз ҳамда яқинларимиз бағрида нишонлаётганимизга шукрона айтайлик!