Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга сўнгги расмий ташрифи эса бундан 17 йил илгари – 2001 йилнинг декабрида бўлганди.
“Qalampir.uz” аниқлаган маълумотларга қараганда, Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифи жорий йилнинг 17-18 август кунларига режалаштирилган. Шу боис ҳар икки тарафда ҳам ушбу ташрифга катта тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.
Гап шундаки, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Шавкат Мирзиёев Президентлиги даврида Ўзбекистонга илк бор ташриф буюрмоқда.
Шуни таъкидлаш ўринлики, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон сўнгги бор 2016 йилнинг 3 сентябрь куни мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовни дафн этиш маросимида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган эди. Ундан олдин эса 2016 йилнинг июль ойида Тошкентда бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилишида иштирок этиш учун Тошкентга ташриф буюрди.
Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга сўнгги расмий ташрифи эса бундан 17 йил илгари – 2001 йилнинг декабрида бўлганди.
Шундан сўнг икки мамлакат ўртасида виза тартиби жорий қилинган, орадан ўн йил ўтиб, 2011 йилда икки мамлакат ўртасида темир йўл алоқаси тўхтатиб қўйилган. Шу тариқа, ўзбек-тожик муносабатлари турли сабаблар билан совуқлашган эди.
2016 йил Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти бўлгач, Марказий Осиё давлатларига бир неча бор ташриф амалга оширди. Жорий йил март ойидаги Тожикистонга ташрифи давомида эса, икки мамлакат ўртасидаги қатор муаммолар ўз ечимини топди. Бундан бир неча йил илгари ёпиқ қўйилган чегара постлари қайта очилди.