Унинг мамлакатда тинчлик ва осойишталикни ўрнатишдаги самарали меҳнати алоҳида эътироф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида Зокиржон Алматовнинг янги лавозимга тайинланиши билан боғлиқ расмий маълумот эълон қилинаркан, унинг мамлакатда тинчлик ва осойишталикни ўрнатишдаги самарали меҳнати алоҳида эътироф этилди. Мазкур баёнот матнида шундай дейилади:
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан ички ишлар органларида ёш кадрлар салоҳиятини ошириш тизимини яратиш, уларнинг касбий маҳоратини юксалтириш учун ҳурмат ва обрўга эга бўлган ходимларнинг ички ишлар органларидаги бой амалий тажрибасидан фойдаланиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси лавозими киритилди.
Ушбу лавозимга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи билан ҳаётий бой тажрибага эга, кўп йиллар давомида республикамизда жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга катта ҳисса қўшган Зокиржон Алматов тайинланди.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов буйруқ билан шахсий таркибни таништирди.
Генерал-полковник Зокиржон Алматов 1991-2005 йилларда Ички ишлар вазири лавозимида ишлаб, бир қанча ходимларга устозлик қилиб, нафақага кузатилган эди”.
Маълумот ўрнида, собиқ Ички ишлар вазири Зокиржон Алматовнинг лавозимидан озод этилиши 2005 йилда Андижонда рўй берган тартибсизликлар билан боғланган эди.