
Куни-кеча Фарғона шаҳрида ҳайдовчи йўлдан ўтаётган пиёдани уриб юбориб қочиб кетганди.
Воқеа 25 апрель куни соат 23:20 ларда содир бўлган, шахси номаълум ҳайдовчи Бақай кўчасида машинасини ҳайдаб кетаётиб, 50 ёшли Радик Тоштемировни уриб юбориб, воқеа жойидан кетиб қолган.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги йўл-транспорт ҳодисасини содир этган ҳайдовчи ва унинг автомобили ҳақида бирон бир маълумотга эга бўлганларни 102 телефон рақами орқали хабар беришларини сўраган эди. ИИВдан маълум қилишларича, тезкор қидурув тадбирлари натижасида, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган шахс қўлга олинган.
“Автоулов бошқариш, аслида катта масъулият, уни уддасидан чиқиш эса маҳорат талаб қилади. Аммо бундай ишга юзаки қараган, ўзича “менга ҳамма нарса мумкин” деган фикр эгалари, қинғир ишни қилиб, асл қиёфаси қўрқоқ, инсофсиз эканлиги барчага маълум. Яққол мисол сифатида, Фарғона шаҳрида 25 апрель куни содир бўлган жуда мудҳиш воқеани келтирамиз.
Соат 23:20 ларда номаълум ҳайдовчи, аниқланмаган автомашинани Бақай кўчасида ҳайдаб кетаётиб пиёда, Аҳмад Яссавий кўчаси 26-уй 7-хонада яшаган Радик Тоштемировни уриб юбориб, воқеа жойидан қўрқоқларча қочиб кетади. Натижада жабрланувчи жароҳат олиб ўша ернинг ўзида вафот этган”, дея ёзади ИИВ Матбуот хизмати.
Ушбу жиноятни Тошкент шаҳар Гулҳаний кўчаси 2-уй 40-хонадонда яшовчи 43 ёшли Қаҳрамон Дадажонов Matiz русумидаги давлат рақами 40N508FA бўлган автомашинасида содир этганлиги аниқланган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ЎзР ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми ва 117-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Бу ҳолатни, ички ишлар органлари ходимларига аниқлашда бефарқ бўлмаган, юксак одамгарчилик, фуқаролик позициясига эга барча миллатимиз вакилларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз”, дея қўшимча қилинади ИИВ хабарида.