Кечқурун шубҳа сабаб қўлга олинган шахс, айби бўлмаса узр сўраб қўйиб юборилади.
Ушбу анжуманда Тошкент шаҳар ИИББ вакили планшетлар ёрдамида реал вақт ҳолатида фуқароларнинг шахсини аниқлаш бўйича лойиҳани ишга туширилгани ҳақида маълумот берди. Бу лойиҳа “Хавфсиз шаҳар” концепциясининг бир қисми экани айтилди.
Анжуманда турли ОАВларда тарқатилган хабарларга муносабат билдириб ўтилди.
Тошкент шаҳрида фавқулодда тартиб жорий этилгани ва бунинг натижасида кафе ва ресторанларнинг тунги 23:00 дан сўнг фаолият юритишига йўл қўйилмаётгани, кўчада турли сабаблар билан юрган фуқароларнинг текширилаётгани тўғрисидаги саволга шаҳар ИИББ пост-патрул хизмати вакили подполковник Азиз Султонов жавоб берди. Расмий вакилнинг айтишича, Тошкент шаҳрида ҳеч қандай комендантлик соати жорий этилмаган ва барча фуқаролар кўчаларда айланиши, ишга бориб-келиши, кечки сайр қилиши мумкин.
Юқорида қайд қилинган ҳолатлар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар эканини қайд этди.
Кафе-барлар, ресторанларнинг фаолият вақти Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан белгиланиши, 23:00 дан сўнг ёпилиши зарур бўлган овқатланиш тармоқлари фаолияти назорат қилинишини айтди.
Бундан ташқари, ИИББ вакили профилактик тадбирлар асосан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар кўп содир бўлиши кузатилган ҳудудларда ўтказилганини қайд этган.
Бемақсад кўчада юрган шахс жойида АКТ воситалари орқали шахси аниқланиб ва савол-жавобдан сўнг шубҳа уйғотмаса, узр сўраб қўйиб юборилиши ёки уйига элтиб қўйилиши (асосан хорижий фуқаролар) маълум қилинди.