Бугун “Энг фаол ёш ички ишлар органи ходими” кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўртасида тузилган қўшма қарор асосида ташкил этилган мусобақа Низомига кўра, дастлаб ёш ходимлардан 100 метр масофага югуриш, тўсинда тортиниш ва қўл жанги усуллари бўйича синовлар қабул қилинди.
Ёш ходимларнинг билим савияси, касбий маҳорати, чет тилларини ва ахборот коммуникация технологияларини қай даражада билиши, тизим фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги таклифлари, инновацион ғоялари, бундан ташқари қонунчиликдан хабардорлиги, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлари ва ўқиган бадиий асарлари бўйича тушунчалари Ҳакамлар ҳайъати томонидан алоҳида-алоҳида тарзда ўрганилиб, баҳоланди.
“30 июнь – мамлакатимизда Ёшлар куни байрами арафасида якунланган ушбу танлов ички ишлар органларида ёш ходимлар билан олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, ходимларни оммавий спортга жалб этиш борасидаги саъй ҳаракатлар ва асосийси ёш ходимларнинг ўз устида ишлаб, халқ манфаатлари йўлида фидойлик ва садоқат билан хизмат қилишга бўлган интилишлари юқори эканлигининг амалдаги ифодаси бўлди”, дейди ИИВ Ёшлар иттифоқининг Етакчилар кенгаши раиси майор Хуршид Рўзиев.
Танловга тақдим этилган материаллар, ёш ходимларнинг касбий ва жисмоний маҳорати, улар билан ўтказилган суҳбат ва савол-жавоблар натижасига кўра, Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Юридик таъминлаш бўлинмаси бошлиғи лейтенант У.Омонов ғолиб деб топилди.
Фахрли иккинчи ва учинчи ўринлар Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бош бошқармаси катта тезкор вакили майор Б.Боймуродов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Юридик таъминлаш бўлинмасининг катта юрисконсульти капитан А.Ганиевга насиб этди.
ИИВ Маданият саройида бўлиб ўтган тадбирда Вазирлик раҳбарияти ва ҳамкор ташкилотлар томонидан танлов ғолиблари ҳамда мусобақаларда фаол иштирок этган ёш ходимларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.