Давлат раҳбари жиноятчиликнинг олди олиниши, буни одамлар сезиши учун пастда тизим мустаҳкам бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 14 февралдаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилди.
Юнусобод туманидаги 7-ички ишлар бўлимида ҳам шундай замонавий тизим ташкил этилган.
Президент пойтахт ички ишлар органларини аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида ташкилий-штат бўлинмасини мақбуллаштириш лойиҳаси билан танишди. Унга кўра, ички ишлар ходимларининг 86 фоизини қуйи бўғинга тушириш, туман ҳокимлиги, прокуратураси, солиқ инспекцияси ва бошқа идоралар билан ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган.
Давлат раҳбари бу таклифни маъқуллаб, жиноятчиликнинг олди олиниши, буни одамлар сезиши учун пастда тизим мустаҳкам бўлиши зарурлигини таъкидлади.
“Профилактика ишлари таҳлилга асосланиши керак. Ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш органида жиноятчиликнинг жойи ва тури бўйича чуқур маълумот бўлиши, бунинг учун давлат идоралари, жамоат ташкилотлари мунтазам бирга ишлаши зарур. Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, прокуратура – ҳаммаси халққа хизмат қилиши керак. Шу билан бирга, жамиятда ҳам жаҳолатга қарши маърифат кучли бўлиши лозим. Муҳит шундай бўлиши керакки, ҳеч ким жиноятга қўл ура олмасин”, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари мазкур ички ишлар бўлимидаги паспорт хизмати хонасида бўлиб, биометрик паспортларни расмийлаштириш жараёнини кузатган. Жаҳон стандартлари асосида ташкил этилган тергов хонасини кўздан кечирган.
Ички ишлар бўлими базасида жойлашган фавқулодда хизматларни тезкор бошқаришнинг ягона тизими фаолияти амалий кўрсатиб берилди. Бунга “Қутқариш хизмати – 1050”, “Ёнғин хавфсизлиги – 101”, “Тез ёрдам – 103”, “Қўриқлаш – 102” экипажи, штатдаги техника ва анжомлари билан намойиш этилди. Бу фавқулодда ҳолатларни тезкор бартараф этишга хизмат қилади.