Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси табиий газ тўлдирилган пуфаклардан фойдаланмасликни тавсия этади.
Бугун ҳеч қайси байрамни газ билан тўлдирилган пуфакларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Туғилган кун, янги савдо дўкони ва идораларнинг очилишида газ тўлдирилган пуфаклардан, яни сўзлашув нутқида “шарлар” деб номланадиган воситалардан фойдаланиш урф бўлган.
Одатда, бундай пуфакларга ҳавога нисбатан енгилроқ бўлган газлар тўлдирилади. Айрим шундай газлар тез ёнувчан хусусиятга эга бўлиши мумкин.
Болалар ҳаво шарлари ҳамда улардан ясалган ўйинчоқларни мириқиб ўйнайдилар. Бироқ газ билан тўлдирилган ҳаво шарлари ҳаёт учун жуда хавфлидир.
Хизмат ёки яшаш хоналарида шарларда чақнашнинг юзага келиши аянчли оқибатларга олиб келиши турган гап. Портлаш содир бўлиши учун биргина учқун ёки чўғ-оловнинг ўзи етарли. Натижада, инсонлар жиддий тан жароҳати олиши ва байрам фожиага айланиши мумкин.
Шу муносабат билан ҳаво пуфакларини харид қилишда тадбирли ва эҳтиёткор бўлиш зарур. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати огоҳлантиради.
Портлаш ва ёниш хусусиятига ега бўлмаган енгил газлар билан тўлдирилган пуфаклар инсон саломатлиги учун хавфсиз.