Ер юзида мавжуд инсонларнинг ҳар бирида бирор нимадан қўрқиш ҳисси бор. Ана шу қўрқув, хавотир ҳисси фобия деб аталади.
Фанда фобияни қўрқувнинг патологик таъсири, у ёки бу нарсадан, ҳолатдан керагидан ортиқ қўрқиш, ваҳимага, даҳшатга тушиш деган тушунча мавжуд. Бундай қўрқув натижасида табиийки, инсон баъзи одамлар, вазиятлар, нарсалар, ҳолатлар, жойлардан қочади.
Оддий тил билан айтганда, инсон ўзи билан содир бўлиши мумкин бўлган ҳолатни тасаввур қилади ва айнан мана шу унда катта қўрқув ҳиссини уйғотади. Инсон бундай қўрқув олдида ўзини асирга тушган маҳбусдек, ҳимоясиз, ҳаёти бир неча дақиқадан кейин якунига етиши мумкин бўлган инсондек тутади. Бундай одамлар ана шу қўрқув туфайли ишларини ўз ўрнида бажара олмаслиги, бунинг сабабини эса уялиб ҳеч кимга айтмасликлари ҳам мумкин. Бу эса ўз навбатида асаб тизимига ўз таъсирини ўтказади. Баъзи инсонларда ана шундай қўрқув ҳисларидан кейин қатор руҳий касалликлар келиб чиқади. Инсон фобия натижасида ўзини одамлардан олиб қочадиган, дўстлар даврасида камроқ кўринадиган, келажаги учун тузган режаларидан воз кеча оладиган ҳолатга келиб қолади.
Инсоннинг айнан нимадан қўрқишига қараб, унинг қўрқувини турга ажратиш мумкин. Масалан, айхмофобияга чалинган инсон барча ўткир нарсалардан қочишга ҳаракат қилади. Унинг назарида ўткир нарса ўзидан анча нарида турган бўлсада, унга зарар етказиши, танасини кесиши, қириши мумкиндек туюлади.
Аквафобияда инсон сузишга қўрқади, клаустрофобияда эса юқори қаватли уйларга инсон фақат ва фақат зина ёрдамида чиқади. Сабаби ушбу фобия тури лифтлардан қўрқишга айтилади. Яъни инсон лифтда қамалиб қолиб кетишдан жуда қўрқади ва шу сабабли фақат зина орқали ҳаракатланади.
Фобияда руҳий жиҳатдан таҳлил қилинганда, унинг бевосита невроз билан кечиши ҳам айтилади.
Инсонларнинг ҳаммасида мавжуд бўлган оддий қўрқув ҳисси фобиядан мутлақо фарқ қилади. Бундай ҳолатда инсон уни қўрқувга солган жараён тезда ўтиб кетишини, бу вақтинчалик эканини тушунади. Шу билан бирга маълум вазият ва одамлардан қочмайди. Чунки бунинг безарар эканини тушунади. Фобияда эса аксинча...
• Хавфсираш, доимий равишда диққатда туриш
• Диққатнинг сусайиши
• Турли овозларга таъсирчанлик
• Хотира сусайишини сезиш (кўп ҳолатларда бу диққатнинг сусайиши билан боғлиқ бўлади холос)
• Соматик аломатларни кутиш
• Бирор хавфнинг яқинлашаётгани ҳақидаги ғайриоддий ғояларни ўйлаб топиш
• Инсоннинг маълум ҳолатга аввал ҳам тушганини ҳис этиши (дежа вю)
• Мияда ҳеч бир фикрнинг йўқлиги, умуман хаёлнинг мавжуд эмаслиги ҳисси
Фобия асаб тизими ва мия фаолияти билан боғлиқ ҳолат. Фобиядан азият чекадиган инсонларнинг организмида турли ўзгаришлар содир бўлади, саломатлиги ёмонлашади. Бу ҳақда батафсилроқ танишмоқчи бўлсангиз қуйидагиларга эътибор беринг.
• Овқат ютиш қийинлашади
• Ошқозон соҳасида оғирликнинг сезилиши
• Оғиз қуриши
• Ошқозондан турли овозлар чиқиши
• Тез-тез ич келиши ёки ич кетиши
• Кўкрак қафасининг сиқилиши ҳисси
• Нафас олишда қийинчилик ҳис этиш
• Нафас етишмаслиги
• Нафас олишнинг тезлашиши
Юрак қон томир тизимига таъсири:
• Юрак уришининг тезлашиши
• Тахикардия
• Юрак соҳасидаги оғриқ
• Юрак уришида танаффусларнниг пайдо бўлиши
• Бўйин соҳасида юрак уришининг сезилиши
• Организмдан сийдик ажралиб чиқишининг тезлашиши ёки ҳожат учун организмнинг ёлғон чақируви
• Эркакларда эрекция ҳолатининг йўқолиши
• Аёлларда эса ҳайз давридаги турли ўзгаришлар
• Қулоқдаги шовқин
• Кўз нурининг ҳиралишиши, кўз олдида пайдо бўладиган учар нурлар
• Бош айланиши
• Бошнинг ўта сиқиб оғриши
• Курак ва елкалардаги оғриқ
• Оёқ ва қўлларнинг баъзи қисмларидаги титроқ
Аслида инсон руҳиятида тушуниб бўлмас ўзгаришлар содир бўлади. Шу сабабли баъзи ҳолатларда оддий қўрқув ҳисси билан фобия бирлашиб кетади ва инсондаги айни ҳолат оддий қўрқувми ёки фобиями ажратиб бўлмай қолади. Руҳий касаликлар орасида ҳам ваҳима касаллиги бор. Унинг ҳам баъзи жиҳатлари фобияга ўхшаб кетади. Аммо бу фобия эмас. Инсондаги фобия турини аниқлаш мақсадиди Занг шкаласи тест таҳлил натижаси ишлаб чиқилган.
Занг шкаласи тест таҳлил натижаси нима?
Занг шкаласи олим Вильям Занг томонидан Дюк Университетида ихтиро қилинган. Бу шкала орқали инсондаги мавжуд фобия ҳолатларининг даражаси ўлчанади. Бунда инсоннинг ўзи ҳақидаги фикри, қўрқинчини қай тарзда ифода этиб бера олиши ҳам аҳамиятга эга. Тадқиқотларга кўра, фобия ҳолати ҳар қандай ёшдаги инсонларда кузатилади. Шунга кўра, айни шкала орқали ҳар қандай инсондаги мавжуд фобия тури ва унинг даражасини арниқлаб олиш имкони бор.
Занг шкаласи қандай ишлайди?
Занг шкаласи тест таҳлилида инсон жавоб бериши мумкин бўлган 20та савол мавжуд. Бошқача қилиб айтганда, бу жавоблар тасдиқ жавоблари бўлади. “Қандай қилиб?”, дейсизми, бу жуда оддий! Масалан, сиз берилган саволларга “камдан-кам ҳолатларда”, “баъзида”, “тез-тез”, “доимо” каби тасдиқ жавобларини берасиз. Жавобларингизга кўра, шкладаги 5та пункт эса сизнинг асл ҳолатингизни аён этади. Қолган 15таси эса ўша энг муҳим 5 пунктнинг саралаб олинишига кўмак берувчи жавоблар бўлади. Жавоблар варақаси тест топшираётган киши томонидан мустақил равишда тўлдирилади. Бемордан сўнгги ҳафталар ичида у қўрққан нарсаларга кўра, бланкадаги маълум қисмларни тўлдириб чиқиши сўралади.
Айтиш лозимки, фобияга чалинган инсонларни даволаш мумкин. Аммо буни уларнинг ўзлари жуда-жуда исташлари керак бўлади. Аввало шифокорлар беморнинг ўзи, унинг яқинлари, оила аъзолари билан суҳбат қуришади. Беморнинг яшаш тарзи, дўстлари ўрганилади. Унинг руҳий ҳолати кузатилади. Бундай беморлар комплекс даволаш усули орқали даволанади.
Фобияни даволашда руҳшунос билан узоқ вақт давом этадиган суҳбатлар, ваҳима ҳиссини йўқотишга, хотирани кучайтиришга, инсоннинг ақлий фаолиятини ишлашга мажбур этадиган дори-воситалари, асаб тизимини даволаш, гипноз усули каби яна ўнлаб даволаш усуллари мавжуд.
Шифокорлар, руҳшунослар фобиядан азият чекаётган инсоннинг аввало руҳий ҳолатини ўрганишади ва шунга кўра иш тутишади. Унга буюриладиган даво чоралари ана шунга боғлиқ бўлади.
Кейинги мақолаларимизда, фобиянинг турлари ҳақида ҳикоя қиламиз.