Судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча тергов юритишга қайтариш тартибининг бекор қилинганлиги суд ва тергов органларининг қонуний, асослантирилган ва адолатли қарор қабул қилиш борасидаги масъулиятини ошириш имконини берди.
Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, энг аввало, жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлашга, шунингдек, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Олиб борилаётган суд-ҳукуқ ислоҳотларининг асосига қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принциплар пойдевор қилиб қўйилган.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳарақатлар стратегиясининг ижроси юзасидан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, одил судловнинг сифати ва шаффофлигини ошириш, “Хабеас корпус” институтини қўллашни кенгайтириш, коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини яратишга қаратилган қатор норматив- ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча тергов юритишга қайтариш тартибининг бекор қилинганлиги суд ва тергов органларининг ҳақиқатни ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни аниқлаш, шунингдек, қонуний, асослантирилган ва адолатли қарор қабул қилиш борасидаги масъулиятини ошириш имконини берди.
Натижада фақатгина 2017 йилнинг 10 ой давомида судлар томонидан 191 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди, ваҳоланки охирги беш йилда атиги 7 нафар шахс оқланган. Бундан ташқари, жорий йилда дастлабки тергов органлари томонидан реабилитация ва бошқа асослар бўйича 3 511 та жиноят иши тугатилган.
Шу билан бирга, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили, аҳоли билан очиқ мулоқот натижаларини умумлаштириш қонунчиликда жиноят ишларини тергов қилиш ва кўриб чиқиш жараёнида далилларни тўплаш, мустаҳкамлаш, текшириш ва баҳолашда қонунийлик ва холисликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларнинг мавжудлигидан далолат бермоқда.
Ушбу ҳолатлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда, оқибатда эса аҳолининг асосли эътирозига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва суднинг беғаразлигига бўлган ишончининг пасайишига олиб келмоқда.
Қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принципларни сўзсиз ва оғишмай таъминлаш, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш, жиноят- процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилигини янада такомиллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига мувофиқ:
1. Қонун ҳужжатлари талабларига оғишмай ва қатъий риоя этишга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларининг биринчи даражали эътибори қаратилсин, унга мувофиқ қонун нормаларини аниқ ижро этиш ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра келиб чиққанидан қатъи назар, қонунийликни бузиш ҳисобланади ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
2. Процессуал қонунчиликни жиддий бузган ҳолда ёки ноқонуний услублар билан, шу жумладан:
жиноят процесси иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, псиҳологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда;
гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқини, шунингдек, таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқини бузган ҳолда;
жиноят процессида иштирок этаётган шахсга ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирмаслик оқибатида уни чалгитган ҳолда;
мазкур жиноят иши бўйича иш юритишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан процессуал ҳаракатларни ўтказиш оқибатида;
номаълум манбадан ёхуд жиноят иши бўйича иш юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан;
дастлабки тергов жараёнида жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг судда мавжуд далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатувларидан;
мавжуд далиллар мажмуи билан тасдиқланган ҳоллардан ташқари, жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг тахмин, фараз ёки миш-мишларга асосланган кўрсатувларидан олинган ҳамда тегишли равишда юридик кучга эга бўлмаган маълумотлардан жиноят ишлари бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмасин.
3. Қуйидагилар тақиқлансин:
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардан ташқари, судларда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши принципини чеклайдиган қўшимча талабларни жорий этиш;
процессуал қонунчилик нормаларини бузган ҳолда олинган гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг кўрсатувлари, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар, аудио ва видеоёзув ҳамда бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланиш.
4. Шахсни ноқонуний ушлаб туриш, қамоққа олиш, жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукм қилишга сабаб бўлган, ҳужжатлар ёки ашёларга била туриб ёлғон маълумотлар ва бошқа бузиб кўрсатилган фактларни киритиш, ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўрсатув беришга мажбурлаш, иш бўйича ҳақиқий ҳолатларни бузиб кўрсатиш орқали далилларни қалбакилаштирганлик учун, ёлғон гувоҳлик ва ёлғон хабар берганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутган ҳолда, жиноий жавобгарлик киритилсин.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ушланган шахс тегишли ваколатли органга етказилган вақтдан бошлаб етмиш икки соат ичида мазкур эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажрим устидан суд тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эга;
далилларни йиғиш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган услублар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар прокуратура органлари ёки суд томонидан қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда тиббий экспертиза ўтказиш орқали мажбурий текширилиши шарт;
ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш (ўта оғир жиноятлар бўйича), тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти тарзидаги процессуал ҳаракатларни видеоёзув воситаларидан фойдаланган ҳолда мажбурий видео қайд этиш амалга оширилади;
ҳимоячи жиноят иши бўйича далилларни тўплаш ва тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлиб, улар жиноят иши материалларига қўшиб қўйилиши, шунингдек, суриштирув, дастлабки тергов ўтказиш ва жиноят ишини судда кўриб чиқиш вақтида мажбурий текширилиши ва баҳоланиши шарт;
ҳақиқий маълумотларнинг далил сифатида фойдаланишга номақбуллиги суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан ўз ташаббуси билан ёки тарафлар илтимосномаси бўйича белгиланади. Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд далилларнинг номақбуллиги ҳақидаги масалани ҳал қилишда далилнинг номақбул деб топилишига асос бўлган қонунбузилиши нимада ўз аксини топганлигини аниқлашга ва асослантирилган қарор (ажрим) қабул қилишга мажбур;
суд муҳокамаси жараёнида стенография юритилади, унинг материаллари жиноят иши материалларига қўшиб қўйилади;
прокурор томонидан:
озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган, қамоқда сақланаётган, ушлаб турилган ёки маъмурий қамоққа олинган шахслардан жиноятлар тўғрисидаги олинган ариза, хабар ва бошқа маълумотларни зудлик билан қайд этиш ва ҳал қилиш тўғрисидаги жиноят-процессуал қонунчилик талабларига риоя этилиши;
мазкур шахсларга ёки уларнинг яқин қариндошларига психологик ёхуд жисмоний таъсир кўрсатилган бўлиши мумкинлиги, шунингдек, уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликдан озод этилиши юзасидан чалғитилганлиги;
ноқонуний жавобгарликка тортиш ҳолатлари бўйича юқори турувчи прокурорни хабардор қилган ҳолда, озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўташ тартибини бузганлик учун маҳкумларга интизомий жазо чораси қўлланилишининг қонунийлиги юзасидан мажбурий тарзда текширишлар ўтказилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати (О.Б. Муродов) бир ой муддатда мазкур Фармоннинг 1-5-бандларида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунчилик ташаббуси тартибида тайёрласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси:
жиноят ишларини тергов қилиш ва кўриб чиқиш жараёнида далилларни тўплаш, мустаҳкамлаш, текшириш ва баҳолашда;
жиноят ишлари бўйича ушлаб туриш ва бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллашда;
маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазони ижро этишда;
содир этган жинояти ҳақида қонунда белгиланган муддатларда хабар қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва етказилган зарарни қоплаган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод этишни назарда тутувчи нормаларни қўллашда қонунийликнинг ҳамда қонунчилик талабларини бузганликнинг ҳар бир ҳолати бўйича жавобгарлик муқаррарлигининг таъминланиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда тергов ҳибсхоналари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва махсус қабулхоналар, маъмурий қамоқни ўташ жойларини видеокузатув воситалари билан жиҳозлашни таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган, ушлаб турилган ёки қамоқда сақланаётган, шунингдек, маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш тавсия этилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суди, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:
суд-тергов ҳаракатларини юритишнинг инновацион шакл ва услубларидан фойдаланишнинг, шунингдек, далиллар алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги тўғрисидаги жиноят-процессуал қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлашнинг илғор хорижий тажрибасини ўрганиш ҳамда таҳлил қилишни;
ҳодиса содир бўлган жой ҳолатини ўзгартириш, далилларни йўқотиш ёки йўқ қилишга, шу жумладан, ўраб олиш орқали йўл қўймасликка қаратилган биринчи навбатдаги чора-тадбирларни кўриш тартибини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлашни;
қонунчиликни ҳамда жиноят ишларини тергов қилиш ва кўриб чиқиш услубиётини янада такомиллаштириш, суд-тергов фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш, жиноят иши бўйича иш юритувни, шу жумладан, “Электрон жиноят иши” тизимини жорий этиш орқали оптималлаштириш ва соддалаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда киритишни ташкил этсин.
11. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.
Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2017 йил 30 ноябрь