...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент транспорт соҳасига оид фармонни имзолади


21:26, 07.02.2019 Жамият
 8 787

Тошкент шаҳар Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш департаменти тугатилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, 1 февраль куни “Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида​”ги фармонни имзолади.
 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Сўнгги йилларда мамлакатимизда транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳасини ривожлантириш, ташишларнинг юқори даражадаги хавфсизлигини таъминлаш, транспорт соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, соҳа учун малакали мутахассисларни тайёрлашга йўналтирилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Иқтисодиётни ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари ва амалга оширилаётган ислоҳотлар республиканинг географик жойлашувини инобатга олган ҳолда транспорт хизматларининг сифатлилиги ва оммабоплигини таъминлашга йўналтирилган ягона транспорт сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, соҳани бошқаришнинг замонавий технологиялари ва интеллектуал тизимларини жорий этишда алоҳида аҳамиятга эга эканлигини кўрсатмоқда.

Транспорт соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, республиканинг инвестициявий жозибадорлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш, транспорт коммуникацияларини стратегик ривожлантириш ва барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:

1. Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик) ташкил этилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

Вазирлик автомобиль, темир йўл, ҳаво, дарё транспортлари, метрополитен, шунингдек, йўл хўжалигини ривожлантириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича давлат бошқаруви органи ҳисобланади;

Вазирлик транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ташкилотлар фаолиятини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, лицензия ва рухсатномалар бериш, сертификатлаштириш, самарали техник ва тариф сиёсатини амалга ошириш йўли орқали давлат томонидан тартибга солиш вазифасини амалга оширади;

Вазирлик томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинган қарорларнинг ижроси давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар учун мажбурий ҳисобланади.

3. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

транспортнинг барча турларини ягона транспорт тармоғига интеграциялашуви ва янги самарали транспорт-логистика тизимларидан фойдаланган ҳолда уйғунликда ривожлантиришга йўналтирилган ягона давлат транспорт сиёсатини ишлаб чиқиш;

транспорт ва логистика хизматлари бозорини ривожлантиришни рағбатлантириш, уларнинг барча тоифадаги истеъмолчилар учун оммабоплигини таъминлаш, шунингдек, соҳага инвестицияларни жалб этишга йўналтирилган транспорт соҳасидаги ягона тариф сиёсатини амалга ошириш;

халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш, логистика тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва чора-тадбирларни амалга ошириш, мамлакат транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектларининг транспорт-логистика хизматларидан фойдаланишдаги сарф-харажатларини камайтириш;

транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ва мамлакат инвестициявий жозибадорлигини ошириш;

бутун транспорт тизимини рақамлаштириш бўйича илғор ахборот технологияларини жорий этиш, Ўзбекистон Республикаси Транспорт тизимининг бир-бирига боғланган ягона тизимини истиқболли ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини амалга ошириш, фойдаланувчилар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, автомобиль йўллари, аэродромлар ва аэропортлар, вокзаллар, темир йўллар ва транспорт инфратузилмасининг бошқа объектларини молиялаштириш, лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш ва фойдаланиш масалаларининг комплекс ечимини таъминлаш;

транспорт соҳасида назоратни амалга ошириш, фуқаро авиацияси ва экспериментал ҳаво кемаларидаги ҳалокатлар ва бахтсиз ҳодисаларни, шунингдек, темир йўл ва дарё транспортидаги авария ва ҳалокатлар бўйича текширувларни ташкил этиш ва амалга ошириш;

транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги халқаро ва ҳудудий ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобига транспорт хизматлари жаҳон бозорида Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини таъминлаш;

транспорт соҳасидаги жорий ва истиқболли эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда таълим, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор усулларини тизимли равишда жорий этиш.

4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, уни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси этиб қайта номлаган ҳолда;

Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, уни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги этиб қайта ташкил этган ҳолда;

Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, уни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси этиб қайта номлаган ҳолда;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, уни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси этиб қайта номлаган ҳолда;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ўзбекистон кемачилик регистри;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзаэронавигация” маркази;

иловага мувофиқ илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, бошқа ташкилотлар, фаолиятини молиялаштиришнинг амалдаги тартиби сақланиб қолинган ҳолда, Вазирлик ихтиёрига ўтказилсин.

Тошкент шаҳар Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш департаменти тугатилсин.

5. Қуйидаги вазифа, функция ва ваколатлар Вазирликка ўтказилсин:

а) Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қуйидаги соҳалардаги:

кемаларни рўйхатга олиш (қайта рўйхатга олиш), кемаларни қуриш, фойдаланиш, қайта жиҳозлаш ва таъмирлашга гувоҳномалар бериш;

кемаларга кема гувоҳномаси ва билетлари, таснифлаш гувоҳномалари, сузиш учун мувофиқлик гувоҳномалари ва кемасозликни тартибга солувчи қоидаларда назарда тутилган бошқа ҳужжатларни бериш;

б) “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг қуйидаги соҳалардаги:

темир йўл транспортини ривожлантиришнинг давлат дастурларини ишлаб чиқиш, темир йўл транспорти истиқболли прогнозлари, ривожлантириш ва объектларни жойлаштириш схемаларини ишлаб чиқиш;

темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш соҳасида тариф ва транзит сиёсатни амалга ошириш, темир йўл транспортининг ўтказиш ва ташиш қобилиятини ошириш, темир йўл транспорти хизматлари бозорини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш;

саноат корхоналари ҳаракатдаги таркибларининг умумий фойдаланишдаги темир йўлларига чиқиши учун рухсатномалар бериш;

темир йўл йўлаклари, шунингдек, вагон ва контейнерларни юклаш, тушириш ва тозалашга мўлжалланган ускуналарни қуриш ва таъмирлаш лойиҳаларини келишиш.

6. Бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 15 нафардан ташкил топган, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази ташкил этилсин.

7. Вазирлик Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясининг транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро шартномалари, шунингдек, мазкур Фармонга мувофиқ ўтказилаётган бошқа ваколатлари борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

8. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 ноябрга қадар барча турдаги транспортларнинг оптимал ва мувозанатлашган ўзаро алоқасини назарда тутувчи, умумқабул қилинган халқаро ҳуқуқ меъёрларини инобатга олган ҳолда “Транспорт тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини тасдиқлаш учун киритсин;

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази фаолиятини ташкил этиш бўйича ҳукумат қарорини қабул қилсин;

уч ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг логистика самарадорлиги бўйича халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш чораларини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасида 2025 йилгача транспортни ривожлантириш концепциясини ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин.

10. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри,
2019 йил 1 февраль

Теглар:Президент 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар