Учтепа туманидаги фирибгарлик фош этилди. Наргизанинг олийгоҳга ўқишга кира олмаганлигини билиб, ишончига кирган фуқаролар...
Бундай фирибгарлик аломатларига эга жиноят Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида ҳам аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББнинг расмий сайти хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, 2015 йилнинг декабрь ойида, муқаддам судланган Давиров Эркин Омонович, ўзганинг мулкини алдов ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида Учтепа тумани ҳудудида фуқаро Нариманова Наргиза Собир қизининг ишончига кириб, уни фармацевтика институтига ўқишга киритиб қўйишда ёрдам беришини билдириб, алдов йўли билан 6.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини қўлга киритган.
Мазкур ҳолат юзасидан, Учтепа тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик, яъни ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган ва Давиров Эркин Омоновични ушлаш чоралари кўрилган.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлар натижасида Давиров Эркин Омоновичнинг мазкур жиноятга алоқадорлиги аниқланган ҳамда гумондор ҳибсга олинган.
Олиб борилган дастлабки тергов даврида мазкур жиноятни содир этганликда фуқаро Отажанов Жамолиддин Ражабовичнинг ҳам алоқадорлиги мавжудлиги аниқланган. Жумладан у, фуқаро Нариманова Наргиза Собир қизи билан танишиб, унинг олийгоҳга ўқишга кира олмаганлигини билиб, ушбу қулай фурсатдан фойдаланган ҳолда ишончига кириб, уни ўқишга киритиб қўйишда ёрдам беришини ваъда қилиб, ушбу масалани гўёки ўзининг Олий таълим вазирлигида ишловчи таниши Эркин Давиров орқали ҳал қилишини билдирган.
Бироқ, Отажанов ва Давировлар фуқаро Наримановадан 6.000 АҚШ доллари пулларни алдов йўли билан қўлга киритиб, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборганлар.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда.
Жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган бўлиб, фамилияси ва исмининг ҳар қандай ўхшашлиги тасодифий характерга эга.