Таклиф этилаётган чоралар бюджет соҳасида меҳнат қилаётган 360 мингдан ортиқ ходимларни қамраб олиши айтиб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида 2018 йилнинг кутилаётган якунлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози, солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси, Давлат бюджети лойиҳаси муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда таъкидланишича, 2019 йилда устувор йўналиш сифатида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари (Давлат бюджети жами харажатларининг 54 фоизи) сақлаб қолинмоқда. Шунингдек, иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорларини ошириш, шу жумладан, 2019 йил 1 январдан:
- умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ва раҳбарлари иш ҳақларини 10 фоизга, малака тоифасига эга бўлган ўқитувчиларнинг иш ҳақларини эса табақалашган ҳолда 15 фоиздан 25 фоизгача;
- меҳнатига кам ҳақ тўланадиган бюджет соҳасида ишловчи ходимлар иш ҳақларини 5 фоиздан 15 фоизгача ошириш кўзда тутилмоқда.
Таклиф этилаётган чоралар бюджет соҳасида меҳнат қилаётган 360 мингдан ортиқ ходимларни қамраб олиши айтиб ўтилди. Мисол учун, бюджет ташкилотининг энг паст ойлик олувчи техник ходимларининг иш ҳақлари, устама ва қўшимчалардан ташқари, 502 минг сўмдан 577 минг сўмгача оширилади.
2019 йилги бюджетда олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва илмий-тадқиқот институти илмий ходимлари ҳамда уларнинг раҳбарлари иш ҳақларини 1,5 баробарга, давлат муассасаларининг тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг иш ҳақларини ўртача 26,5 фоизга (2018 йилнинг 1 декабридан 20 фоизга оширилишига қўшимча равишда) ошириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, бюджет соҳасида ишловчи ходимларнинг иш ҳақларини инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда ошириш ҳамда ижтимоий нафақаларни молиялаштиришга мўлжалланган маблағларни 20 фоизга ошириш ҳисобга олинган.