
Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Бош вазирга мурожаат қилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.
Муҳокамалар давомида Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Бош вазирга мурожаат этиб, Украинанинг ўзбек автомобилларига нисбатан қўймоқчи бўлаётган чекловларига қарши яқинда депутатларнинг муносабати ва билдирган таклифи бўйича Ҳукумат томонидан қандай чоралар кўриш режалаштирилаётганлигини сўради.
Депутат ўз сўзида агар зарур бўлса Ҳукумат Украина маҳсулотлари импортининг ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи бошқа мамлакатлар билан савдо иқтисодий муносабатларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ эканлигини билдириб ўтди.
Бош вазир депутатнинг ушбу таклифига жавобан мамлакатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида узоқ ва яқин қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни олиб боришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ва шу боис, Украина парламенти томонидан кўтарилиб Украина ҳукуматига киритилган Ўзбекистон автомобилларига қарши чеклов ўрнатиш бўйича чораларга қарши ҳар қандай чора қўллашда вазминлик ва босиқлик билан иш тутиш зарурлигини маълум қилди.
Ҳукумат раҳбари ўз сўзида айни вақтда Ўзбекистондаги тегишли вазирлик ва идоралар Украина томони билан мазкур масалада аниқ ечимга келиш устида ишлаётганлиги ва яқин вақт ичида томонлар ўзаро манфаатли тўхтамга келинишига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Украинада ўзбек енгил автомобиллари савдосига қарши ҳаракат бошлангани сабабли Ҳукумат тегишли чораларни кўришга тайёр туриши кераклигини таъкидлаганди.